Тоқаев Эрдоғаннинг жорий йилда Туркияда бўлиб ўтадиган юқори даражадаги қатор учрашувларга таклифини мамнуният билан қабул қилди
ASTANA. Kazinform — Режеп Таййип Эрдоған Қасим-Жомарт Тоқаевни бир палатали Қурултой депутатларининг илк сайлови муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати маълум қилди.
Туркия Президенти мазкур тарихий воқеа мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожланишига хизмат қилади, деб ҳисоблайди. Шу муносабат билан у парламентлараро ҳамкорликни жадаллаштиришни таклиф қилди.
Қасим-Жомарт Тоқаев самимий тилаклари, шунингдек, халқаро ташкилотлар таркибидаги туркиялик кузатувчилар миссиясининг фаол иштироки учун Туркия етакчисига миннатдорлик билдирди.
Давлат раҳбари мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар илғор, замонавий ва адолатли Қозоғистонни барпо этишга қаратилганига эътибор қаратди.
Суҳбат давомида мустаҳкам дўстлик ва кенгайтирилган стратегик шериклик руҳидаги икки томонлама муносабатларнинг ривожланиш суръатларига ижобий баҳо берилди.
Қасим-Жомарт Тоқаев Туркия Президентининг жорий йил май ойида Астанага амалга оширган давлат ташрифи доирасида эришилган келишувларнинг аҳамиятига тўхталди.
Томонлар яқинда бўлиб ўтадиган халқаро тадбирлар тақвимини муҳокама қилдилар. Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Режеп Таййип Эрдоғаннинг жорий йилда Туркияда бўлиб ўтадиган юқори даражадаги қатор учрашувларга таклифини мамнуният билан қабул қилди.