Тез орада буйруқ келади - Исроил мудофаа вазири

Ғазо сектори билан чегарада жойлашган Исроил ҳарбий кучлари тез орада унинг ҳудудида бўлади. Бу ҳақда яҳудий давлати мудофаа вазири Йоав Галант маълум қилди.
“Ҳозир Ғазони узоқдан кўриб турибсиз, тез орада уни ичкаридан кўрасиз. Буйруқ яқин орада берилади”, – деди у.
Мамлакат Миллий хавфсизлик кенгашида ўтирган Иқтисодиёт вазири Нир Баракатнинг айтишича, ҳукумат ҳарбийларга ХАМАСни йўқ қилишга буйруқ берган.
Кузатувчилар Ғазода қуруқликдан операция бошлаш қарори бир неча бор, жумладан, Фаластин гуманитар инқирозини ҳал қилишни талаб қилган Қўшма Штатлар босими остида кечиктирилганини қайд этди.
“Исроилда айтганимдек, қанчалик қийин бўлмасин, биз икки давлат қароридан воз кеча олмаймиз. Исроил ҳам, Фаластин ҳам хавфсизлик ва тинчликда яшашга тенг даражада лойиқ”, – деди АҚШ президенти Жо Байден.
АҚШ президентининг айтишича, Исроилга ташрифи чоғида у мамлакат расмийларини "ғазабдан кўр бўлмасликка" чақирган. Шу билан бирга, Жо Байден Америка доимо Исроил томонида бўлишига ишонтирди.