Telegram Қозоғистонда ўз вакилини тайинлайди ва офис очади

ASTANA. Kazinform – Telegram Қозоғистонда ўз вакилини тайинлайди ва ўз ваколатхонасини очади. Бу ҳақда ҚР Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Жаслан Мадиев АҚШ Савдо-саноат палатаси ҳамда Американинг Meta ва Apple каби йирик компаниялари вакиллари билан учрашувларда маълум қилди.

 Meta мен Apple өкілдерімен кездесу
Фото: ҚР Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги

Йиғилишларда маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш, сохта аккаунтларга қарши курашиш ва фойдаланувчиларни ҳимоя қилиш билан боғлиқ муҳим масалалар муҳокама қилинди. Бу мавзулар Қозоғистон фуқароларининг рақамли маконда хавфсизлигини таъминлаш учун айниқса муҳимдир.

“Шунингдек, биз ноқонуний контентни тезкорлик билан олиб ташлаш ва бузғунчи каналларни блокировка қилиш учун Telegram платформаси билан фаол ҳамкорлик қилмоқдамиз. Қонунчилигимизга кўра, энди Telegram, WhatsApp ва TikTok каби интернет платформалар Қозоғистондаги ўз вакилини тайинлаши шарт. Telegram билан уларнинг вакилини тайинлаш ва офис очиш бўйича келишувга эришилди – бу контент назоратини кучайтириш йўлидаги муҳим қадамдир”, – деди Жаслан Мадиев.

Вазирлик, шунингдек, фирибгарлик схемаларига қарши курашиш учун Meta билан ҳамкорлик қилмоқда. Интернетдаги фирибгарликка қарши кураш умумий саъй-ҳаракатларни талаб қиладиган глобал вазифадир. Meta вакилларининг таъкидлашича, Қозоғистон дуч келаётган интернет фирибгарлиги кўплаб мамлакатлар учун умумий муаммодир. Охирги чоракда Meta сунъий интеллект технологиялари ёрдамида бутун дунё бўйлаб 1,2 миллиард сохта аккаунтни блоклади.

“Рақамли ривожланиш вазирлиги рақамли платформаларда Қозоғистон фуқароларининг хавфсизлигини таъминлайдиган ишончли инфратузилмани яратиш бўйича халқаро ҳамкорлар билан ишлашда давом этади. Фойдаланувчиларни ҳимоя қилиш асосий устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда ва биз ушбу мақсадга эришиш учун ҳамкорликни кучайтирамиз”, – дейилади вазирлик хабарида.

Сўнгги хабарлар