Теҳрон Исроилнинг Дамашққа берган зарбаси натижасида бир эронлик генерал ҳалок бўлганини маълум қилди

Эрон расмийлари Исроилнинг Сурия пойтахти Дамашққа уюштирган ҳаво ҳужуми натижасида Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг (ИИҚК) юқори мартабали амалдори генерал Саид Ризо Мусовий ҳалок бўлганини даъво қилмоқда, дея хабар беради Kazinform мухбири.

Теҳрон Исроилнинг Дамашққа берган зарбаси натижасида бир эронлик генерал ҳалок бўлганини маълум қилди
Фото: IRNA

Эроннинг Tasnim агентлиги Мусовий Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг “тажрибали ҳарбий маслаҳатчиси” бўлганини айтди.

Душанба куни Дамашқ чеккасидаги Саида Зайнаб маҳалласига берилган ҳаво ҳужумида юқори мартабали ҳарбий амалдор ҳалок бўлди. Қайд этилишича, ҳаво ҳужуми эронлик генерал жойлашган бинога учта ракета билан берилган.

IRNA агентлиги хабарига кўра, Мусовий ўлимини тасдиқлади ва у 2020 йил январида АҚШнинг учувчисиз аппарати томонидан Боғдод аэропорти яқинида уюштирилган ҳужумда ҳалок бўлган ИИҚК «Кудс» кучларининг собиқ қўмондони Қосим Сулаймонийнинг иттифоқчиси эканини айтди.

Мусовий «Кудс» нинг Суриядаги энг юқори мартабали амалдорларидан бири бўлган ва Теҳрон ҳамда Дамашқ ўртасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштиришга ёрдам берган.

Марҳум Теҳроннинг минтақадаги Эрон иттифоқчи кучларини қурол-яроғ билан таъминлаш ҳаракатларида фаол иштирок этган, деб хабар беради The Times of Israel.

Исроил расмийлари Мусовийнинг ўлими ҳақидаги хабарларга изоҳ бермайди, чунки ўрнатилган амалиётга кўра, улар хориждаги операциялари ҳақида маълумот бермайдилар.

Бироқ исроиллик ҳарбийлар Суриядаги Эрон билан боғлиқ объектларга бир неча йиллардан бери зарба бергани маълум ва Исроил ҳамда ХАМАС ўртасида уруш бошланганидан сўнг сўнгги ойларда бундай ҳужумлар тез-тез учраган.

Эрон ҳарбийлари 2011 йилдан бери давом этаётган фуқаролар уруши бошланганидан бери Сурияда бўлиб, Сурия президенти Башар ал-Асадни қўллаб-қувватлаб келади.

Эрон президенти Иброҳим Раисий Мусавийнинг Исроилнинг Суриядаги ҳаво ҳужуми натижасида вафот этгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди ва “Исроил режими ИИҚК маслаҳатчисининг ўлдирилиши учун албатта хун тўлайди” деди.

Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” шиа ҳаракати генерал Мусовийнинг ўлдирилиши рухсат этилган чегарадан ташқарига чиққан очиқ ва уятсиз ҳужум эканлигини айтди.

Эрон инқилоб гвардияси баёнот бериб, “Исроил ишғолчилари ҳарбий маслаҳатчига ҳужум қилгани учун хун тўлайди” дея таҳдид қилди. Шундан сўнг, Исроил ОАВлари Исроил армияси Эроннинг жавобига тайёрланаётганини маълум қилди.

Сўнгги хабарлар