«Таза Қазақстан» акцияси доирасида 100 минг туп кўчат экилди
ASTANА. Кazinform — 20-27 апрель кунлари «Таза Қазақстан» акциясида 255 минг киши иштирок этди, 100 мингга яқин дарахт экилди. Бу ҳақда ҚР Экология ва табиий ресурслар вазирлиги Ўрмон хўжалиги ва ҳайвонот дунёси қўмитаси раиси Данияр Турғамбаев маълум қилди.

“Президент томонидан амалга оширилаётган «Таза Қазақстан» акцияси доирасида 20 апрель куни Туркистон, Жамбил, Қизилўрда, Жетису, Абай вилоятлари ҳамда Алмати, Чимкент шаҳарларида, 27 апрелда эса барча ҳудудларда дарахт кўчатлари экиш кунлари бўлиб ўтди. Акция давомида шанбаликлар ўтказилиб, кўчатлар экилди. Тадбирда 255 мингдан ортиқ киши иштирок этди. Акция натижасида республикамизда 100 минг тупга яқин кўчат экилди”, — деди Д. Турғамбаев Марказий коммуникациялар хизматида.
Кўчат экиш кампаниялари жорий йилнинг кузида ҳам давом этади.
“Давлат раҳбари топшириғи доирасида шаҳар ва аҳоли пунктлари ҳудудида қулай муҳит яратиш муҳимлигини инобатга олган ҳолда маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари томонидан аҳоли пунктлари ҳудудига 15 миллион туп кўчат экиш ишлари амалга оширилмоқда. Вилоятларнинг ҳамда Астана, Алмати, Чимкент шаҳарларининг аҳоли пунктларини кўкаламзорлаштириш ва яшил ҳудуд яратиш бўйича ҳудудий режа тасдиқланди”, — деди қўмита раиси.
Эслатиб ўтамиз, 2021-2025 йилларда ҳар йили 3 миллион туп дарахт кўчатлари экиш режалаштирилган.
Охирги уч йилда жами 10,3 миллион туп кўчат экилди.