Тайфун туфайли Хитойда юзлаб авиарейслар бекор қилинди
ASTANA. Kazinform - «Долфин» тайфуни — жорий йилдаги 13-чи тайфун — иккинчи марта Хитойнинг шарқий қисмидаги Чжэцзян провинциясига ҳаракатланмоқда. У Вэньчжоу шаҳар округига қарашли Юэцин шаҳри соҳилларига етиб борди, деб хабар беради Kazinform Синьхуа агентлигига таяниб.
Бу ҳақда Хитой Миллий метеорология маркази маълум қилди.
Тайфун маркази яқинида шамолнинг максимал тезлиги 13 баллга (38 м/с) етди.
«Долфин» тайфуни биринчи марта якшанба куни соат тахминан 17:30 да Чжэцзян провинцияси томон ҳаракатланган. У пайтда у Тайчжоу шаҳар округига қарашли Юйхуань шаҳри соҳилларига етиб борган. Тайфун маркази яқинида шамолнинг максимал тезлиги 14 баллни ташкил этган.
Тайфун туфайли Чжэцзян провинциясининг маъмурий маркази Ханчжоу шаҳридаги Сяошань халқаро аэропортида 388 та келувчи ва кетувчи рейс бекор қилинди.
Миллий метеорология маркази табиий офат таъсир қилган ҳудудлардаги маҳаллий ҳокимият органларини ўта кучли жала ёмғирларидан ҳимояланиш чораларини кўриш зарурлиги ҳақида огоҳлантирди.
Бундан аввал Хитойда «Долфин» тайфуни яқинлашиши муносабати билан аҳолини ҳимоя қилиш чоралари кучайтирилгани ҳақида хабар берган эдик.