Татаристонда вейп сотиш тақиқланади

ASTANA. Kazinform — Татаристон Давлат кенгашининг Иқтисодиёт, инвестициялар ва тадбиркорлик қўмитаси республика ҳудудида вейплар ва улар учун мўлжалланган суюқликларни чакана сотишни беш йилга тақиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади, деб хабар беради Kazinform агентлигининг Москвадаги мухбири.

Татарстан запретит продажу вейпов
Фото: Health Tech

Ҳужжат республика ҳудудида никотин етказиб берувчи электрон тизимларни чакана сотишни тақиқлашни назарда тутади. Чеклов беш йил муддатга, яъни 2027 йил 1 мартдан 2032 йил 1 мартгача жорий этилади.

Мазкур қарор тиббиёт мутахассисларининг вейпларнинг ёшлар саломатлигига зарари ҳақидаги фикрлари инобатга олинган ҳолда қабул қилинди.

Тадқиқот натижаларига кўра, 18 ёшдан ошган россияликларнинг 62 фоизи тамаки чекиб кўрган. Улар орасида никотин сақловчи муқобил маҳсулотлардан фойдаланиб кўрганлар ҳам бор.

Сўровда қатнашганларнинг 31 фоизи тамаки ва никотин сақловчи маҳсулотларни истеъмол қилади. Вейпдан фойдаланувчиларнинг улуши 9 фоизни ташкил этади. Бу кўрсаткич йирик шаҳарлар аҳолиси ва 35 ёшгача бўлган фуқаролар орасида юқорироқ. Вояга етган россияликларнинг 21 фоизи вейп ишлатиб кўрган.

Ҳудудий чекловларни жорий этиш учун Россия президенти имзолаган федерал қонун ҳуқуқий асос бўлди. У 2026 йил 1 октябрда кучга кириб, Россия Федерацияси субъектларига вейпларни чакана сотишни тақиқлаш ҳуқуқини берди.

Шунга ўхшаш тақиқ Пермь ўлкасида ҳам жорий этилди. Сентябрь ойининг охирида Удмуртия ҳам худди шундай қарор қабул қилди. У ерда ҳам чекловлар 2027 йил 1 мартдан кучга кириши керак.

Россия ҳукумати ҳузуридаги ижтимоий таъминот масалалари бўйича кенгашнинг «Соғлиқни сақлаш ва соғлом турмуш тарзи» секцияси иштирокчилари никотин сақловчи маҳсулотларнинг айрим турлари ва тамакининг муқобил маҳсулотларини сотишга авлодлар бўйича тақиқ жорий этиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилган эди.