Таиландда паралимпиячи ўз тўйида келин ва уч меҳмонни ўлдирди

Таиландда паралимпиячи ўз тўйида келин ва уч меҳмонни ўлдирди
Фото: pixabay.com

Таиландлик паралимпиячи ва собиқ аскар тўйи куни ўз жонига қасд қилишдан аввал келинни ва яна уч нафар меҳмонни отиб ўлдирди, деб хабар беради Kazinform агентлиги BBCга таяниб.

29 ёшли Чатуронг Суксук ва 44 ёшли Канчана Пачунтуек уч йил бирга яшаб, турмуш қуришга қарор қилишган.

Куёв тўйни тўсатдан тарк этиб, қурол билан қайтиб келиб, хотини, унинг 62 ёшли онаси ва 38 ёшли синглисини отиб ўлдирган.

Адашган ўқлар икки меҳмонга тегиб, улар шифохонага етказилган. Улардан бири вафот этди.

Полициянинг айтишича, Чатуронг "жуда маст" бўлган, аммо унинг мақсади номаълумлигича қолмоқда. У қуролни ўтган йили қонуний равишда сотиб олган, дея қўшимча қилди улар.

Меҳмонларнинг сўзларига кўра, зиёфат чоғида эр-хотин жанжаллашиб қолган. Шунингдек, Чатуронг келин билан ўртадаги ёш фарқи туфайли ўзини ишончсиз ҳис қилганини маълум қилган.

Бироқ, полиция булар ҳали тахминлар эканлигини айтиб, далиллар тўплаганликларини ва ишни тез орада ёпишни режалаштирганликларини қўшимча қилди.

Чатуронг ўтган йили Индонезияда бўлиб ўтган АСЕАН Пара ўйинларида сузиш бўйича кумуш медални қўлга киритган эди. У чегарани қўриқлаш чоғида ўнг оёғидан айрилган.

Таиландда оммавий отишмалар кенг тарқалган эмас, лекин қуролга эгалик қилиш одатий ҳолдир. Ўтган ой Бангкокдаги савдо марказидаги отишмада уч киши ҳалок бўлган эди. 2022 йил октябрь ойида эса собиқ полициячи болалар боғчасига қурол ва пичоқ билан ҳужум қилиб, 37 нафар болани ўлдирган.

Сўнгги хабарлар