Сув тошқинлари: таълим муассасаларини қайта тиклаш учун 7 миллиард тенге ажратилди
ASTANА. Кazinform - Ҳукумат баҳорги тошқинлардан зарар кўрган таълим муассасалари ва ташкилотларни тиклаш ишларини давом эттирмоқда. Бунинг учун Ҳукуматнинг фавқулодда захирасидан қўшимча маблағ ажратилди. Тегишли қарорни ҚР Бош вазири Олжас Бектенов имзолади.

Қайта тиклаш ишлари республиканинг учта вилояти - Қостанай, Ақмола ва Ақтўбе вилоятларини қамраб олган. Ажратилган маблағларнинг умумий миқдори 7,5 миллиард тенгени ташкил этади. Бу маблағлар шикастланган объектларни тиклашга, шунингдек, вайрон бўлган объектлар ўрнига янги таълим муассасаларини қуришга йўналтирилади.
Қостанай вилоятининг Жангелдин туманидаги Айса Нурманов номидаги мактаб биносини таъмирлаш режалаштирилган. Ақмола вилоятининг Атбасар шаҳридаги 1-сонли мактаб, Атбасар тумани Сергеевка қишлоғида «Есіл» соғломлаштириш мажмуаси, шунингдек, Державинск шаҳридаги Абай номидаги мактаб қурилади. Ақтўбе вилоятида Котибар ботир номидаги мактаб ва Муғалжар туманидаги “Балауса” болалар боғчаси, Ойил туманидаги «Балбөбек» болалар боғчаси, Екпетал мактаби қамраб олинади.
Ажратилган маблағлар маҳаллий ижроия ҳокимияти органларига кейинги ўқув йили бошлангунга қадар бузилган биноларни ўз вақтида тиклаш имконини беради. Бу узлуксиз таълим жараёнини таъминлайди.
Жорий йилнинг 17 июль куни Бош вазир Олжас Бектенов Ҳукуматда сув тошқинларидан кейин уй-жой ва инфратузилмани тиклаш масалаларига бағишланган йиғилишда тиклаш ишлари суръатларини тезлаштириш ва юзага келаётган муаммолар юзасидан марказни доимий равишда хабардор қилиб бориш бўйича топшириқ берган эди.