Сурияда вайроналар остидан қутқариб олинган янги туғилган чақалоқни қариндошлари асраб олишди
Қутқарув вақтида киндиги кесилмаган қизни минглаб одамлар асраб олиш истагини билдирган. Чақалоқ зилзиладан омон қолган ягона бола эди.
ДНК опанинг қариндошлигини исботлаганидан кейин чақалоқ касалхонадан чиқарилган. Шифокорларнинг сўзларига кўра, алоҳида шароитда омон қолган қизнинг аҳволи жуда яхши.
«У энди менинг фарзандларимдан бири. Мен унга ўз фарзандимдек муносабатда бўламан», - деди унинг поччаси Халил ас-Савади АПга.
Қизга марҳум онаси шарафига Афраа деб ном беришди. Бироқ қутқарув ишларидан сўнг қизнинг исми Ая экани маълум бўлди.
Бу арабчада «ажойиб» деган маънони англатади.
Суриядаги зилзиладан сўнг ижтимоий тармоқларда унинг қутқарилган пайти акс этган видео тарқалди.
Видеода бир эркак чанг босган қизни ушлаб харобалар орасидан югуриб ўтмоқда.
Афраа ўн соатдан кўпроқ вақт давомида қулаган бино остида эди. Касалхонага келганида шифокорлар унинг аҳволи оғир, танаси кўкарган, шишиб кетганини айтишган.
Унинг оиласи яшаган уй Туркия билан чегарага яқин Идлиб вилоятининг Жиндайрис шаҳрида 7,8 магнитудали зилзила оқибатида вайрон бўлган 50 та бинодан бири бўлган.
Қариндошларидан бирининг сўзларига кўра, зилзиладан кўп ўтмай Афраанинг онаси тўлғоқ бошланиб, ўлимидан олдин туққан.
Унинг отаси ва онаси, тўрт жигари вафот этган.
«Бу қиз биз учун жуда қадрли, чунки унинг оиласидан бошқа ҳеч ким қолмаган. У менга, опаси ва барча қариндошларига онаси ва отасини эслатади», - деди Халил Reuters ахборот агентлигига.
Шунингдек, у Афраа икки ҳафта касалхонада ётганида, уни кимдир ўғирлаб кетишидан қўрққанини, чунки чақалоқни асраб олиш таклифи кўп бўлганини айтди.
Афраанинг янги оиласи, вазият қанчалик қийин бўлмасин, у билан яшашни афзал кўради. Зилзила пайтида Халил ва унинг рафиқаси Халанинг уйи ҳам вайрон бўлган.
Ҳозир улар қариндошларининг уйида яшашмоқда.
Афраа ёлғиз ўсаётгани йўқ, унинг синглиси бор. Ҳала ва Халил ҳам зилзиладан уч кун ўтиб қиз фарзандли бўлишди.
Фото: REUTERS