Сўнгги 10 ойда Қозоғистонга Хитойдан келган сайёҳлар сони ярим миллиондан ошди

ASTANA. Kazinform — Хитойдан келган меҳмонлар сони 20 баробар кўпайиб, 367 минг кишига етди. Жорий йилнинг 10 ойида эса хитойлик сайёҳлар сони ярим миллиондан ошди. Бу ҳақда ҚР Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

туризм
Фото: Александр Павский/Kazinform

Пойтахтда Хитойда Қозоғистон туризми йили доирасида Қозоғистон-Хитой туризм бизнеси мулоқоти бўлиб ўтди. Тадбирда ҚР Туризм ва спорт вазири Ербол Мирзабосинов, Хитой Туризм академияси президенти (China TourismAcademy), профессор Дай Бин, Астана шаҳар ҳокими ўринбосари Евгений Глотов, шунингдек, Хитой Халқ Республикаси делегациясининг сайёҳлик вакиллари иштирок этди.

Вазир мазкур тадбирнинг аҳамиятини таъкидлаб, очиқ бизнес мулоқоти иштирокчилар учун самарали майдонга айланишига ҳамда Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилишига ишонч билдирди.

“Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев ташаббуси билан 2024 йил Хитойда Қозоғистон туризми йили деб эълон қилинди. Маълумки, унгача икки томонлама визасиз режим ўрнатилган. Натижада Хитойдан келган меҳмонлар сони 20 баробар ортиб, 367 минг нафарга етди. Жорий йилнинг 10 ойида эса хитойлик сайёҳлар сони ярим миллиондан ошди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30 фоизга кўпдир. Шундай қилиб, Хитой Қозоғистонга келаётган сайёҳлар сони бўйича ТОП-5 давлат қаторига киради. Ҳаво алоқалари ҳам ортди. Қозоғистон ва Хитой ўртасида 42 та мунтазам тўғридан-тўғри ва 7 та чартер рейслари амалга оширилади”, — деди Ербол Мирзабосинов.

Хитойда Қозоғистон туризми йили доирасида икки давлатда 30 га яқин тадбир ўтказилди. У Қозоғистон шаҳарларининг туризм ва маданият кунлари, йирик кўргазма ва форумлар, шунингдек, маданий ва B2B тадбирларини ўз ичига олади. Хитойда Қозоғистон туризми йилининг ўтказилиши икки давлатни ривожлантириш ва давлатлараро даражада дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар очди.

Тадбир якунида томонлар Хитойда Қозоғистон туризми йили якунларини 2024 йил 27 ноябрь куни Алмати шаҳрида бўлиб ўтадиган ёпилиш маросимида ҳар томонлама муҳокама қилишга келишиб олдилар.

Аввал хабар қилинганидек, жорий йилнинг саккиз ойида Қозоғистон туризмига киритилган сармоя ҳажми 69 фоизга ошди.

Сўнгги хабарлар