Судандаги қуролли можаро 7 миллион одамни уйларини тарк этишга мажбур қилди – БМТ

Судандаги қуролли можаро 7 миллион одамни уйларини тарк этишга мажбур қилди – БМТ
Фото: pexels.com

Суданда давом этаётган қуролли можаро 7 миллион кишини уйларини ташлаб кетишга мажбур қилди, деб хабар беради Каzinform агентлиги Anadoluга таяниб.

Бу ҳақда БМТнинг қочқинлар бўйича Олий комиссари Филиппо Гранди Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.

“Етти миллион қочқин ва кўчирилган одамлар. Аммо дунё бунга бефарқ”, – деб ёзади у.

Судан армияси ва тезкор ҳаракат кучлари (ТҲК) ўртасидаги қуролли тўқнашув 15 апрель куни бошланган. Можаронинг сабаби ТҲКни армия таркибига қўшилиши эди. Мамлакат пойтахтида бошланган жанглар тез орада бошқа вилоятларга ҳам тарқалди. Судан ҳукумати халқаро ҳамжамиятни ТҲКни “террорчи гуруҳ” деб эълон қилишга чақирди.

Ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувга ва низолашаётган томонларга халқаро босим ўтказилаётганига қарамай, хунрезлик тўхтамади. Пойтахт Хартумдан ташқари, мамлакат ғарби ва жануби-ғарбидаги тўққизта вилоятда оғир қуроллар билан жанглар давом этмоқда.

БМТ маълумотларига кўра, Суданнинг 25 миллион фуқароси, яъни аҳолининг деярли ярми инсонпарварлик ёрдамига муҳтож. Армия ва Халқ озодлик армияси ўртасидаги жанглар натижасида 10 мингдан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлди, минглаб одамлар жароҳатланди. Халқаро ҳамжамиятнинг ўт очишни тўхтатишга уринишлари ўзаро айбловлар ва томонлар илгари сурилган шартлар бўйича келиша олмагани учун муваффақиятсизликка учради.

Музокаралар доирасида томонлар охирги марта 7 ноябрь куни Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида учрашган эди.

Сўнгги хабарлар