Судандаги давлат тўнтариши: Минглаб одамлар ҳарбийлар ҳокимиятни эгаллашига норозилик билдиришди, уч киши ҳалок бўлди
Судан пойтахти Хартум ва бошқа шаҳарлардаги минглаб намойишчилар шу ҳафта бошида ҳарбийлар томонидан ағдарилган Бош вазир Абдулла Ҳамдук ўз лавозимига қайтишини, ҳарбийлар ҳокимиятни фуқаролик ҳукуматига топширишни талаб қилмоқда. Шу ҳафта бошида генерал Абдел Фаттоҳ ал-Бурхон ҳукуматни тарқатиб юборди ва мамлакат сиёсий етакчиларини, жумладан, бош вазирни ҳибсга олди. Энди Ҳамдук ўз қароргоҳида қаттиқ қўриқлаш остида.
Мамлакатда фавқулодда ҳолат ҳам эълон қилган генерал фуқаролар урушининг олдини олиш ва турли сиёсий кучлар ўртасидаги низоларга барҳам бериш учун ҳокимиятни қўлга олганини айтди.
Суданнинг янги ҳукумати мамлакатда интернет ва бошқа алоқаларни узди, шунингдек, мамлакат ичида ҳаракатланишни чеклади.
2019 йилда суданликлар мамлакатни 30 йил бошқарган Умар ал-Баширни ҳокимиятдан ағдаришди ва ўшандан бошлаб ҳозирги давлат тўнтаришига қадар фуқаролик ва ҳарбий раҳбарлар ҳокимиятни тақсимлаш келишуви асосида биргаликда ҳукмронлик қилишди. Ҳарбийлар ва тинч аҳоли кенг кўламли демократик ислоҳотларни амалга ошириши керак бўлган ўтиш даври ҳақида келишиб олдилар. Улар Муваққат суверен кенгаш туздилар, унга ал-Бурхон бошчилик қилди ва Ҳамдук бош вазир бўлди. Аммо демократия йўли бир неча марта давлат тўнтаришига уринишлар туфайли мураккаблашди, охиргиси бир ойдан кўпроқ вақт олдин муваффақиятсиз бўлди.
Генерал ал-Бурхон 2023 йил июл ойида эркин сайловлар ўтказиш ва ҳокимиятни тинч аҳолига бериш ниятида эканлигига ишонтирмоқда.
Шанба куни Судан марказий шифокорлар қўмитаси тўқнашувлар чоғида уч намойишчи отиб ўлдирилганини айтди. ОАВ хабарларига кўра, бу ҳафта хавфсизлик кучлари билан тўқнашувларда камида 11 намойишчи ҳалок бўлган. Ҳарбийлар шанба кунги воқеаларга ҳозирча изоҳ бермади.