Суданда сулҳ бузилди: БМТ 800 000 қочқинни кутмоқда

None
Фото: Reuters
HARTUM. Кazinform – Суданда ўт очишни тўхтатиш бўйича янги келишувга қарамай, пайшанба куни Хартум марказида шиддатли жанглар қайта бошланди. Хартум туманларидан бирида юз берган отишма чоғида мамлакатда таниқли актриса Азия Абдельмаджид ҳалок бўлди. БМТ яқин келажакда 800 минг киши Суданни тарк этиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда, дея хабар беради Кazinform ВВCга таяниб.

Судан мунтазам армияси президент саройи ва қуролли кучлар штаб-квартираси яқинидан «Тезкор ҳаракат кучлари» (RSF) деб аталувчи ҳарбийлаштирилган кучларни ҳудуддан чиқариш бўйича саъй-ҳаракатларини давом эттиряпти.

Хартум шаҳарлари Омдурман ва Баҳрида ҳам шиддатли жанглар давом этаётгани хабар қилинган.

Пайшанба куни эрталаб армия расмийлари сулҳни узайтириш таклифини қабул қилганликларини айтди. Аммо генерал Абдель Фаттоҳ ал-Бурхоннинг (қуролли кучлар раҳбари ва мамлакатнинг амалдаги президенти) матбуот котиби можаро куч билан ҳал қилинишини ва RSF билан тўғридан-тўғри музокаралар бўлмаслигини айтди.

Ҳарбийлар, шунингдек, ижтимоий тармоқларда душмандан тортиб олингани айтилаётган ҳарбий техника ва қуролларнинг суратларини ҳам жойлаштириб боряпти.

RSF қўмондони генерал Моҳамед Ҳамдан Дагало, шунингдек, Ҳемети номи билан танилган, у тинч аҳолининг жанговар ҳудудларни тарк этишига рухсат бериш учун Суданда хавфсизлик йўлакларини очиш ғоясини қўллаб-қувватлашини айтди. Кейинчалик генерал унинг қўшинлари Хартум агломерациясини ташкил этувчи барча уч шаҳар ҳудудининг 90 фоизини ҳамон назорат қилишини маълум қилди ва гуманитар сулҳга содиқлигини яна бир бор тасдиқлади.

Суданда жанговар ҳаракатлар бошланган 15 апрелдан бери урушаётган томонлар раҳбарлари бир неча бор ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар олиб боришган ва ҳар сафар сулҳ тезда бузилган, айниқса Хартумнинг ўзида, шунингдек, мамлакат ғарбидаги Дарфурда кенг кўламли уруш давом этяпти.

Суданда тинч аҳоли орасида қурбонлар сони ортиб боряпти. Баҳрининг шимолий чеккасида, болалар боғчаси ҳудудида юз берган отишма натижасида мамлакатнинг биринчи профессионал актрисаларидан бири Азия Абдельмаджид ҳалок бўлди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Судан гуманитар фалокатга юз тутаётгани ҳақида огоҳлантиради ва урушаётган томонлардан инсонпарварлик юклари учун мамлакатга киришни таъминлашни талаб қиляпти.

Дори-дармон етишмаслиги, электр таъминотидаги узилишлар ва ўқ отиш хавфи туфайли шаҳардаги кўплаб шифохоналар ишламай қолган. Айрим ҳудудларда электр ва сув йўқ, озиқ-овқат ва ёқилғи таъминоти ҳам тугаб боряпти.

Шу билан бирга, жанговар ҳаракатлар туфайли можаро бошланишидан аввал ҳам мамлакатнинг 45 миллионлик аҳолисининг учдан бир қисмига халқаро ёрдамни тақсимлаш тўхтатилгани хабар қилинган.

БМТ маълумотларига кўра, 15 апрелда бошланган можародан буён 100 мингга яқин одам Судандан қўшни давлатларга қочган ва яқин орада уларга яна 800 мингга яқин киши қўшилиши кутиляпти. БМТ ҳисоб-китобларига кўра, келаси 5 ой ичида барча қочқинларни таъминлаш учун камида 450 миллион доллар керак бўлади.

Найробига келган БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш халқаро ҳамжамият урушаётган икки томон қўмондонларига бундай вазиятга йўл қўйиб бўлмаслигини тушунтиришни таклиф қилди.


Сўнгги хабарлар
telegram