Суданда куч тузилмалари ўртасида қуролли тўқнашув бошланди
Армия генерал Абдул Фаттоҳ ал-Бурҳон бошчилигидаги ҳарбий ҳукуматга (Суверен кенгаш) бўйсунади, Тезкор ҳаракат кучлари эса вице-президент, генерал Муҳаммад Ҳамдан Дагалога бўйсунади.
Фуқаролик бошқарувига ўтишнинг бир қисми сифатида Тезкор ҳаракат кучлари қуролли кучлар таркибига киритилиши керак. Аммо генераллар уни қачон амалга ошириш кераклиги борасида бир тўхтамга кела олишмаяпти. Бу можаро қуролли курашга айланиб кетди.
Reuters хабарига кўра, отишма Хартум шаҳридаги армия штаб-квартираси яқинида эшитилган. Тезкор ҳаракат кучлари пойтахт аэропорти ва президент саройини ўз назоратига олганини маълум қилди. Бироқ, ҳозирча бу ҳақда ҳеч қандай далил йўқ.
Ўз навбатида, армия Тезкор ҳаракат кучлари уларнинг штаб-квартирасини эгаллашга ҳаракат қилаётганини айтади.
Ҳарбийлар Суданда ҳокимиятни 2021 йилда қўлга киритган ва шу вақтдан бери уни қўлида ушлаб турибди. Улар ҳокимиятни фуқаролик ҳукуматига топширишни исташади, бироқ муаммоли нуқта - Тезкор ҳаракат кучларининг қуролли кучлар билан бирлашиши вақт жадвалидир. Тезкор ҳаракат кучлари буни 10 йилга кечиктиришга интилаётган бўлса-да, армия фақат 2 йиллик муддатга рози.