Совуқ ҳавода бош кийимсиз юриш қандай касалликларга олиб келиши мумкин
ASTANA. Kazinform — Кузнинг сўнгги ойи — ноябрь ойининг ярми ҳам ўтиб, қиш яқинлашмоқда. Шунга қарамай, кўчада бош кийимсиз юрган одамларни тез-тез учратиш мумкин. Бундай ҳолатга ҳатто қиш фаслида ҳам гувоҳ бўламиз. Совуқ ҳавода бош кийимсиз юриш қандай касалликларга сабаб бўлиши мумкинлигини шифокордан сўраб, аниқлик киритдик.
Астана шаҳридаги 9-сонли шаҳар поликлиникаси умумий амалиёт шифокори Асел Қарасаеванинг таъкидлашича, совуқ фаслларда, айниқса қишда нафақат қўл ва оёқларни, балки бошни ҳам совуқдан ҳимоя қилиш муҳим.
«Бош кийимсиз кўчага чиқиш инсон организмида бир қатор физиологик ўзгаришларга олиб келади. Сабаби, совуқда организм иссиқликни сақлаб қолиш учун қон томирларини торайтиради, тери ва бошнинг ташқи қисмларига борадиган қон айланиши камаяди. Натижада инсон танасидаги иссиқликни йўқота бошлайди. Агар организм йўқотилган иссиқликни тиклай олмаса, тана ҳарорати пасая бошлайди. Тана ҳароратининг пасайиши натижасида инсон қаттиқ титрайди, ҳолсизланади, тез чарчайди ва ҳаракатлар мувофиқлиги бузилади. Фикрлаш қобилияти пасаяди, оғир ҳолатларда эса одам ҳушидан кетиши мумкин. Кучли шамол ва қаттиқ совуқда қулоқ, пешона, чакка ва бош териси тез совийди. Қулоқ териси остидаги ёғ қатлами юпқа бўлгани сабабли қизариш, санчиш, увишиш, терининг оқариши ва сезувчанликнинг пасайиши каби белгилар кузатилади. Оғир ҳолатларда эса совуқ уриши мумкин», — дейди шифокор.
Бундан ташқари, совуқ ҳаво таъсирида бурун шиллиқ қавати таъсирланиб, бурун оқиши ва битиши каби белгилар кучайиши мумкин. Нафас йўлларининг ҳимоя тизими заифлашиб, турли инфекция қўзғатувчиларини юқтириб олиш хавфи ортади. Натижада бактериялар ёки вируслар келтириб чиқарадиган яллиғланиш касалликлари пайдо бўлиши мумкин. Жумладан:
· Ринит — бурун шиллиқ қаватининг яллиғланиши;
· Синусит — бурун атрофидаги бўшлиқларнинг яллиғланиши;
· Отит — қулоқнинг яллиғланиши;
· Менингит — мия юмшоқ пардаларининг яллиғланиши.
Бундан ташқари, аҳоли орасида кенг тарқалган касалликлардан бири — гайморит ҳам мавжуд. Асел Қарасаеванинг тушунтиришича, гайморит — юқори жағ суягида жойлашган гаймор бўшлиқлари шиллиқ қаватининг яллиғланиши натижасида юзага келадиган синусит турларидан биридир.
Одатда бурун бўшлиғи ва унинг қўшимча бўшлиқлари шиллиқ қавати шиллиқ ажратиб чиқаради. Бу нафас йўлларига тушган чанг ва микроорганизмларни ташқарига чиқаришга ёрдам беради.
Яллиғланиш жараёнида эса шиллиқ қават шишади, бўшлиқларни бурун бўшлиғи билан боғлаб турувчи тешиклар торайиб, шиллиқ ажралмаларнинг ташқарига чиқиши қийинлашади. Натижада бўшлиқларда яллиғланиш жараёни кучаяди. Оқибатда бурун битади, юз соҳасида оғриқ пайдо бўлади, ҳид билиш қобилияти пасаяди ва бурундан суюқлик оқади.
“Совуқ ҳавода бош кийимсиз юриш — саломатликка бепарво муносабатнинг бир кўриниши. Айниқса, қаттиқ совуқ ва шамолли кунларда бош кийимсиз юриш қулоқ ва бош терисининг совуқ уришига, бош оғриғига ҳамда организмнинг совқотишига сабаб бўлиши мумкин. Бош кийим кийиш — касалликларнинг олдини олишнинг оддий, аммо муҳим усулидир. Халқимизда «Касал бўлгандан кейин даво излагандан кўра, касал бўлмаслик чорасини кўрган афзал», деган ҳикматли мақол бор. Шунинг учун қишда мода ҳақида эмас, аввало саломатлик ҳақида ўйлаб, бош кийим кийишни унутмаслик лозим, — дея маслаҳат берди шифокор.