Сомалида террорчилар БМТ вертолётига ҳужум қилди

Garowe порталига кўра, ҳужум Галмудуг штатининг Хиндире қишлоғида содир бўлган, вертолёт фавқулодда қўнган. Турли манбаларга кўра, бортда саккиз-тўққиз киши, жумладан, сомалиликлар ва фуқаролиги айтилмаган хорижликлар бўлган.
The Wall Street Journal (WSJ) Сомали ҳарбийларига таяниб хабар беришича, террорчилар мисрлик шифокорни ўлдирган. Газета, шунингдек, Сомали ҳукумат кучлари Сомалининг марказидаги Галмудуг штатида воқеа жойига етиб борганини ҳам хабар қилади. WSJнинг Сомали ҳарбийларига таяниб тарқатган хабарига кўра, бортдаги тўққиз киши орасида иккита кениялик шифокор, бир угандалик аскар ва бир сомалилик зобит бўлган.
Аввалроқ The Washington Post газетаси Могадишодаги манбаларига таяниб, “Аш-Шабоб” жангарилари вертолётга ўт қўйгани ва номаълум сондаги экипаж аъзоларини қўлга олгани ҳақида хабар берган эди. БМТ ҳозирча изоҳ бермади.
БМТ вертолётлари Сомалидаги Африка Иттифоқи тинчликпарвар кучларини қўллаб-қувватламоқда, улар ҳукумат армиясига «Аш-Шабоб»га қарши курашда ёрдам бермоқда.