Ўскеменда атом энергетикасига бағишланган катта йиғилиш бўлиб ўтмоқда
«Биз бир-биримизни табриклаш, фахрийларимизни ҳурмат қилиш учун йиғилганмиз. 30 йил ичида бажарилган ишлар ҳақида айтамиз. Ҳозир жамиятимиз олдида қандай мақсад ва вазифалар турганини тушунтириш зарур. Бу ерда билим алмашиш, давра суҳбати, муҳокама қилиш ва келгусидаги ишлар учун мақсад ва вазифаларни белгилаб олиш ишлари амалга оширилади. Жамиятимиз Қозоғистон Республикасида максимал даражада илмий-техник тараққиётга, ядро технологияларини сақлаш ва ривожлантиришга, билимларни ёшларга етказишга ҳисса қўшиш мақсадида ташкил этилган», – деди Қозоғистон ядро жамияти ассоциацияси президенти Владимир Школьник.
Шарқий Қозоғистон вилояти ҳокими Ермек Кўшербаевнинг айтишича, бугунги кунда олимларнинг фикрлари катта аҳамиятга эга. Шунинг учун «Қозоғистон ядро жамияти»нинг ўрни жуда катта. Мамлакатда ядро физикаси соҳасида етакчи давлатлардан бирига айланиш учун барча имкониятлар мавжуд.
«Бизда ядровий реактор, тинч атом, материалшунослик реакторлари бор. Буларнинг барчаси йирик сармояларни жалб этиб, мамлакатнинг ривожланиш даражасини оширади», – деди у.
ҚР Энергетика вазири ўринбосари Жандос Нурмағанбетов сўзга чиқиб, Уюшма томонидан амалга оширилаётган улкан ишлар, аҳолига тинч атомни ўзлаштириш мақсадларини етказиш, мамлакатда атом электр станциясини қуришнинг афзалликларини тушунтириш борасидаги ишларни алоҳида таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, икки кун давомида Ўскеменда «Қозоғистон ядро жамияти» уюшмасининг 30 йиллигига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтади. Бу ерда улар уран қазиб олиш, оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик муаммолари, Қозоғистон Республикаси атом саноатида касаба уюшмаларининг роли ва бошқа кўплаб муҳим мавзуларни муҳокама қиладилар.