Сингапур 40 йил ичида биринчи марта коррупция можаросига дуч келди

Ўтган ҳафта юқори мартабали вазир коррупция иши бўйича ҳибсга олинган эди. Бу сўнгги 40 йил ичида мамлакатдаги биринчи коррупция можаросидир.
Бундан ташқари, душанба куни Сингапур парламентининг икки аъзоси – улардан бири бир пайтлар мамлакат бош вазири лавозимига потенциал номзод сифатида кўрилган – ўзаро муносабатлари борлиги маълум бўлгач, истеъфога чиқди.
Бу ўзининг коррупцияга қарши обрўси билан фахрланадиган шаҳар-штат аҳолисини ҳайратда қолдирди.
Ўтган ҳафтада Сингапурнинг Коррупцияга қарши хизмати транспорт вазири С.Исваран ва миллиардер меҳмонхоналар эгаси Онг Бенг Сенгни ҳибсга олди. Иккаласи 2008 йилги Сингапур Гран-присини ўтказишда муҳим рол ўйнаган. Натижада, тергов жараёнида Исварандан вазирликдан кетиши сўралган.
Reuters агентлигининг қайд этишича, 61 ёшли Исваран ҳукуматга 2006 йилда қўшилган ва 2021 йил май ойида транспорт вазири бўлишдан олдин савдо ва алоқа вазири лавозимида ишлаган.
Сингапурда вазирлар иштирокидаги коррупция терговлари кам учрайди, чунки давлат хизматчилари коррупцияни тўхтатиш учун яхши маош олади. Вазирлар кабинетидаги кўплаб вазирларнинг йиллик маоши 1 миллион сингапур долларидан ошади (тахминан 750 минг АҚШ доллари).
Бош вазир ўринбосари Лоуренс Вонг маҳаллий ОАВга иш бўйича тергов имкон қадар «тўлиқ ва мустақил» бўлишини ва ҳеч нарса яширилмаслигини айтди.
Қайд этиш жоизки, ҳибсга олинганлар ҳақида бор-йўғи уч кундан кейин маълум бўлди, воқеа аслида қандай содир бўлган, иш тафсилотлари ошкор этилмаган. Иккала шахс ҳам айбланмаган ва ҳозирда гаровда.
Шу ҳафтанинг бошида Сингапур сиёсий саҳнасини яна бир жанжал ларзага келтирди. Душанба куни мамлакат бош вазири лавозимига потенциал номзод сифатида кўриб чиқилаётган 54 ёшли парламент спикери Тан Чуан-цзинь ва унинг ҳамкасби 47 ёшли Ченг Ли Хуэй «нотўғри муносабатлари» туфайли парламент ва ҳукмрон партиядан истеъфога чиққани хабар қилинганди. Маълумки, жаноб Тан уйланган, лекин Ченг хоним турмушга чиқмаган.
Таҳлилчиларга кўра, қатор жанжаллар 1959 йилдан бери ҳокимиятда бўлган ва парламентда мутлақ кўпчиликка эга бўлган ҳукмрон Халқ ҳаракати партияси (ХҲП) нуфузига путур етказиши мумкин.