Сифатли таълим – рақобатбардош, маданиятли мамлакат бўлиш гарови – Президент
Президент табригини Бош вазир ўринбосари – Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазири Тамара Дуйсенова ўқиб эшиттирди, деб хабар беради Kazinform мухбири.
«Таълим ходимлари республика август кенгаши иш бошлагани билан сизларни чин қалбимдан табриклайман. Янги ўқув йили арафасида ўқитувчиларни йиғиб, ёш авлод таълим ва тарбияси масаласига бағишланган коллегиал йиғилиш ўтказиш яхши анъанага айланган. Бу мамлакатимиз келажагига дахлдор муҳим учрашувдир. Сифатли таълим – рақобатбардош ва маданиятли давлатга айланиш гарови. Инсоният тарихидаги барча ютуқлар таълим ва илм-фан самараси эканлигига шубҳа йўқ. Биз саводли авлодни тарбиялаш орқалигина миллатнинг янги сифатини яратишимиз мумкин. Миллат устози Аҳмет Байтурсинули «Мактабнинг қалби - ўқитувчи, ўқитувчи қандай бўлса, мактаб ҳам шундай бўлади», - деган эди. Мамлакатимиз келажаги ёш авлоднинг билимли, меҳнатсевар, ватанпарвар бўлишига боғлиқ», – дейилади Давлат раҳбари табригида.
Президент ёшларни ҳалол фуқаро қилиб тарбиялаш, улар онгига эзгу қадриятларни сингдириш ғоят муҳим вазифа эканига эътибор қаратди.
«Ушбу масъулиятли ишни шараф билан бажараётган ўқитувчилар жамоасига самимий миннатдорлик билдираман. Давлат таълимни ривожлантиришга доимо эътибор қаратади. Мамлакатимизда ёшларнинг ҳар томонлама камол топиши учун барча шароит яратилган. Кўплаб таълим муассасалари замонавий талаблар асосида барпо этилмоқда. Махсус қонун қабул қилинди ва ўқитувчиларнинг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинди. Уларнинг ижтимоий аҳволини яхшилашга эътибор қаратилмоқда. Бундай қўллаб-қувватлаш тадбирлари келгусида ҳам давом эттирилади. Бугунги йиғилишда ёш авлодга илғор таълим, маънавий-ахлоқий тарбия бериш масаласи юзасидан жиддий фикр ва мулоҳазалар билдирилади, деб ўйлайман. Барчангизга мустаҳкам соғлик ва фаровонлик тилайман», — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Муаллиф: Марлан Жиембай