Си Цзиньпин ва Владимир Путин Шэньчжэнь шаҳрида музокара ўтказди

ASTANA. Kazinform — Чоршанба куни Хитой раҳбари Си Цзиньпин ва Россия президенти Владимир Путин Хитойнинг жанубидаги Шэньчжэнь шаҳрида икки томонлама музокара ўтказди. Бу ҳақда Kazinform агентлигининг Пекиндаги махсус мухбири хабар берди.

ا
Фото: Берік Табынбаев/Kazinform

“Бугун тушгача ХХР раиси Си Цзиньпин Россия президенти Владимир Путинни қабул қилди. Учрашув тафсилотларини кейинроқ маълум қиламиз”, — деди Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Го Цзякунь журналистлар учун ўтказилган брифингда.

Россия президенти 18-19 ноябрь кунлари Шэньчжэнь шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (ОТИҲ) форуми иштирокчи мамлакатлари раҳбарларининг 33-норасмий учрашувида қатнашиш учун келган.

Кремль маълумотига кўра, музокаралар давомида томонлар ҳар томонлама шериклик ва стратегик ҳамкорликни ривожлантириш йўлларини, шунингдек, халқаро ва минтақавий масалаларни муҳокама қилди.

Музокаралар чоғида ХХР раиси давлат раҳбарлари ўртасидаги дипломатик алоқаларнинг муҳимлигига тўхталди.

“Сизнинг ва менинг раҳбарлигимиз остида Хитой ва Россия ўртасидаги муносабатлар дунёдаги турли қийинчиликларга қарамай, ўз барқарорлигини йўқотмади. Икки мамлакат ҳамкорлиги вақтинчалик сиёсий вазиятга боғлиқ эмас ва унинг ривожланиш салоҳияти ҳам жуда катта. У мураккаб даврни бошдан кечираётган дунёда барқарорлик ва ишончни мустаҳкамлаб, тенглик, ўзаро ҳурмат ва самарали шерикликка асосланган йирик давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг янги намунасига айланди”, — деди Си Цзиньпин.

Россия президенти эса икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик натижаларига тўхталиб, халқаро майдондаги ўзаро ҳамкорликка ижобий баҳо берди.

“Россия ва Хитойнинг ташқи сиёсий алоқалари барқарор ва ижобий йўналишда ривожланмоқда. Мураккаб геосиёсий шароитда адолатли ва кўп қутбли жаҳон тартибини шакллантириш масаласида конструктив ёндашувга амал қилмоқдамиз”, — деди Владимир Путин.

Аввалроқ Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Си Цзиньпин, Владимир Путин ва Дональд Трампнинг 19 ноябрда учрашиши режалаштирилганини тасдиқлагани ҳақида хабар берилган эди.