Швецияда қашшоқлик даражаси ошиб, ижтимоий ҳимоя тизими заифлашиб бормоқда
ASTANA. Kazinform — Швецияда сўнгги 4 йил ичида моддий ва ижтимоий жиҳатдан қашшоқлик шароитида яшаётган аҳоли улуши икки баравардан кўпроқ ошди, деб хабар беради АЗЕРТАДЖ.
Stadsmissionen хайрия ташкилоти ҳисоботида келтирилган маълумотларга кўра, 2021-2025 йиллар оралиғида ушбу кўрсаткич 3 фоиздан 7 фоизгача кўтарилган.
Шу билан бирга, мамлакатда аҳолининг қарз юки ҳам жиддий муаммога айланиб боряпти. Ўтган йили Швецияда тахминан 500 минг киши, яъни мамлакат аҳолисининг 5 фоизи ҳаддан ташқари қарзга ботган. Бу - сўнгги 20 йилдан ортиқ вақт давомидаги энг юқори кўрсаткичдир.
Аҳолининг молиявий аҳволи ёмонлашиб бораётган бир пайтда швед тадқиқотчилари ижтимоий ҳимоя тизимидаги жиддий камчиликларга эътибор қаратди.
Уларнинг фикрича, мазкур тизим аҳолини қашшоқликдан ҳимоя қилиш бўйича ўзининг асосий вазифасини тобора ёмонроқ бажаряпти.
Ижтимоий суғурта соҳасидаги қонунчиликни ўрганган профессорлар сўнгги йилларда фуқароларнинг ижтимоий кафолатлари сезиларли даражада заифлашган, деган хулосага келган. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, бу ўзгаришлар ҳокимият тепасида қайси сиёсий кучлар бўлишидан қатъи назар, босқичма-босқич амалга оширилган.
Асосий масалалардан бири — ижтимоий нафақа олиш талабларининг қатъийлаштирилганидир. Қонунчиликдаги талаб ва қоидалар шу қадар мураккаблашганки, фуқаролар ўз ҳуқуқларини тушуниш ва нафақа олиш учун зарур шартларни бажаришда тез-тез қийинчиликларга дуч келмоқда.
Бундан ташқари, жорий йил 1 июлдан бошлаб нотўғри тўланган нафақани олган фуқаролардан маблағни қайтариш талаб қилиниши билан бирга, уларга қўшимча жарима солиниши ёки келгусида нафақа олиш ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин. Бундай чоралар, айниқса, молиявий жиҳатдан заиф аҳоли қатламига оғир таъсир кўрсатади.
Дастлаб аҳолининг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган ижтимоий суғурта тизимида устувор йўналишлар аста-секин ўзгариб боряпти.
Таъкидланишича, энди муҳтожларга ёрдам кўрсатишдан кўра, нафақа олувчиларни назорат қилишга кўпроқ эътибор қаратила бошланган.