Шойгу минтақавий таранглик фонида Эронга борди

Шойгу
Фото: ТАСС

Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгу режалаштирилган иш сафари билан Эронга борди, унинг давомида олий даражадаги учрашувлар бўлиб ўтади. Ташриф Яқин Шарқ минтақасида вазият кескинлашган даврда амалга оширилмоқда, деб хабар беради Кazinform мухбири РИА Новости агентлигига таяниб.

Сергей Шойгу Теҳронда Эрон Миллий хавфсизлик Олий кенгаши котиби Али Акбар Аҳмадиан ва Қуролли кучлар Бош штаби раҳбари Муҳаммад Бағирий билан музокаралар ўтказади. Бундан ташқари, Шойгуни Ислом Республикаси президенти Масъуд Пезешкиан ҳам қабул қилади.

Россия Хавфсизлик кенгашининг маълум қилишича, музокараларда икки томонлама ҳамкорлик ва уни мустаҳкамлаш, жумладан, савдо-иқтисодий лойиҳалар ҳамда глобал ва минтақавий хавфсизликнинг турли жиҳатлари муҳокама қилинади.

Эрон Миллий хавфсизлик Олий кенгаши котиби Али Аҳмадиан май ойи охирида телефон орқали суҳбат чоғида Шойгуни Эронга таклиф қилган эди. Ушбу суҳбатдан кейин Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Москва ва Теҳрон ҳамкорликни энг юқори даражада давом эттиришини билдирди.

Июль ойи охирида Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков президент Владимир Путин Масъуд Пезешкиан билан учрашувга тайёргарлик кўраётгани ҳақида хабар берган эди.

Бундан ташқари, Россия Ташқи ишлар вазирлиги Эрон билан стратегик шериклик шартномаси имзоланганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Шойгунинг ташрифи Яқин Шарқда Эрон ва Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи томонидан Исроилга ҳарбий жавоб чоралари кўриш таҳдиди фонида  кескинлик кузатилаётган бир вақтда амалга оширилмоқда.

Бундай таҳдидларга Теҳронда ХАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Хония ва Байрутда “Ҳизбуллоҳ” қўмондони Фуод Шукрнинг ўлдирилиши сабаб бўлган. Уларнинг ўлимида Исроил айбланади, у эса, ўз навбатида, ўз иштирокини тан олмайди ва инкор этмайди.

Сўнгги хабарлар
telegram