Шотландияда давлат хизматчилари учун тўрт кунлик иш ҳафтаси жорий этилади

None
BRUSSELS. Кazinform - Шотландия биринчи вазири Ҳумза Юсаф минтақа давлат секторида тўрт кунлик иш ҳафтасини жорий этиш ниятида, деб хабар беради Кazinform мухбири.

Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, биринчи вазир Шотландия ҳукуматининг келаси йилга мўлжалланган дастури доирасида тўрт кунлик иш ҳафтаси синов лойиҳасини эълон қилмоқда.

Тахминларга кўра, пилот лойиҳа тахминан 12 ой давом этади ва жорий йилнинг охирида бошланади. Минтақа ҳукумати раҳбарининг бу режалари Шотландия консерваторларининг қаттиқ танқидига сабаб бўлди.

«Ҳумза Юсуф бизнинг иқтисодиётимиз Буюк Британиянинг қолган қисмидан ортда қолаётган, миллий соғлиқни сақлаш хизмати тиз чўкиб турган ва кенгаш бюджетлари доимий равишда қисқартирилаётган бир пайтда бу бемаъни режани амалга ошириш мумкин деб ҳисобласа, хаёллар мамлакатида яшайди», - деди Консерватив партиядан Шотландия депутати Лиз Смит.

«Ушбу амалга ошириб бўлмайдиган режани давом эттириш ҳар йили Шотландия бюджетида 2,5 миллиард фунт стерлинг бўшлиқни қолдиради ва давлат хизматларини ёпиш ёки мактабларимиз, шифохоналаримиз ва шошилинч хизматларни сақлаб қолиш учун қўшимча миллиардлаб фунт топиш ўртасида танлов қилиш керак бўлади», - дея қўшимча қилди у.

Давлат хизматчиларининг тўрт кунлик иш ҳафтасига ўтиши хусусий сектор ходимларининг норозилигига сабаб бўлиши мумкин, айниқса Ҳумза Юсаф аҳолининг бой тоифалари учун даромад ва муниципал солиқларни ошириш ниятида.

Минтақада тўрт кунлик иш ҳафтасининг жорий этилиши Шотландиянинг собиқ биринчи вазири Никола Стерженнинг сайловолди ваъдаларидан бири бўлиб, март ойи охирида унинг ўрнига Ҳумза Юсаф тайинланган эди.

2021 йилда у ўз ходимларига яхшироқ «иш ва ҳаёт мувозанатини» беришни хоҳлайдиган компанияларга 10 миллион фунт стерлинг ваъда қилди. Олти ойлик синов лойиҳасида олтмишдан ортиқ фирма иштирок этиб, ишчиларга бир хил маош эвазига беш кун эмас, тўрт кун ишлаш имкониятини берди.

Аксарият компаниялар ушбу схема тугагандан сўнг ишлашни давом эттириш истагини билдиришди ва уларнинг ходимлари камроқ стресс ва ташвишларни бошдан кечиришларини таъкидладилар.

Мухбир: Тимур Дуйсекеев


Сўнгги хабарлар