Шавкат Мирзиёев «Туркия Республикаси нишони» билан тақдирланди
Анқара шаҳрига ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикасининг олий давлат мукофоти билан тақдирланди. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған Ўзбекистон етакчисига мамлакатнинг олий давлат мукофоти, «Туркия Республикаси нишони»ни тантанали равишда топширди.
"Бугун, мамлакатларимиз ўртасидаги кенг қамровли стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларация имзоланган кунда Туркия Республикасининг бундай юксак мукофотини олиш мен учун катта шарафдир. Ушбу мукофот халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ришталари, олий даражадаги ишончли мулоқот ҳамда икки томонлама кўп қиррали муносабатларнинг жадал ривожланишининг рамзидир", – деди Ўзбекистон президенти.
Таъкидлаш жоизки, Туркия Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ мазкур олий мукофот Туркия билан дўстона муносабатларни ривожлантиришга катта ҳисса қўшган давлат арбобларига берилади.