Шавкат Мирзиёев Исроил-Фаластин можароси юзасидан яна баёнот берди

Мирзиёев
Фото: ЎР Президенти матбуот хизмати

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) навбатдаги саммитида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ғазо секторидаги вазият юзасидан яна баёнот берди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

“Яқин Шарқдаги тинчлик ва хавфсизликка жиддий глобал таҳдид солаётган Фаластин-Исроил можаросидан барчамиз хавотирдамиз. Афсуски, тинч аҳоли, аёллар, болалар ва қариялар қонли тўқнашув қурбони бўлмоқда. Кўриниб турибдики, кескинлик доираси кенгайиб бормоқда. Бу можаронинг катта можарога айланишига йўл қўймаслик керак. Биз томонларни зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга, тинчлик музокараларини бошлашга ва оқилона умумий ечимга келишга чақирамиз. Биз яна бир бор ўз позициямизни билдирмоқчимиз – Фаластин халқи ўз мустақил давлатини яратишга ҳақли, бу БМТ резолюциялари билан тасдиқланган”, — деди Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Ўзбекистон Президенти Ғазо сектори аҳолисига ёрдам сифатида 1,5 миллион доллар ажратишини айтган эди. Шавкат Мирзиёев икки томонни ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиб, можарони тинч йўл билан ҳал қилишга чақирди.

Шунингдек, 3 ноябрь куни Астанада бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг Х саммитида Шавкат Мирзиёев ТДТ давлатларини Фаластин масаласида муштарак позиция билдиришга чақирди.

Сўнгги хабарлар