Сенатда депутатларнинг ҳудудларда маҳаллий аҳоли билан учрашувлари сарҳисоб қилинди
ASTANА. Кazinform – Қозоғистон Республикаси Сенати спикери Маулен Ашимбаев раислигида Палата Бюросининг йиғилиши бўлиб ўтди. У ерда сенаторлар 23 январь куни бўлиб ўтадиган Сенат йиғилиши кун тартибини тасдиқладилар. Депутатларнинг декабрь ва январ ойларида ҳудудларга ташрифи чоғида маҳаллий аҳоли билан ўтказган учрашувлари ҳам сарҳисоб қилинди. Бу ҳақда Парламент Сенати матбуот хизмати хабар берди.

Палата Спикери сенаторлар халқ билан учрашувлар чоғида кўтарилган долзарб муаммоларни депутатлик сўрови орқали ҳал этишда фаол иштирок этиши зарурлигини таъкидлади.
– Маҳаллий аҳоли билан учрашувларда фуқароларимиз ўзларини қийнаётган долзарб масалаларни кўтарди. Ҳудудлар манфаатларини ҳимоя қилувчи Палата депутатлари сифатида сенаторлар ҳудудларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиши лозим. Шу боис келгусида хизмат сафарлари натижаларига кўра муҳим депутатлик саволлари эълон қилинади, фуқароларнинг таклифлари Палатанинг қонун ижодкорлиги жараёнида инобатга олинади, деб ўйлайман, – деди Маулен Ашимбаев.
Бюро йиғилишида шу ҳафтада ўтказиладиган тадбирлар ҳам муҳокама қилинди. Жорий ҳафтада ЕОИИ ички чегараларидаги чегара ўтказиш пунктларини реконструкция қилиш ва қуриш, солиқ ва божхона ахборот тизимлари, фуқароларни турли қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришга ўргатиш марказларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти билан боғлиқ масалалар юзасидан манфаатдор давлат органлари билан учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган. Шунингдек, Сенатнинг Соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш ва тиббий суғуртани ривожлантириш масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтади.
Йиғилишда Бюро аъзолари “Қозоғистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маданият, таълим ва мураббийлик масалалари бўйича ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни келгуси пайшанба куни бўлиб ўтадиган палата йиғилиши кун тартибига киритдилар.
Мазкур қонун нормалари давлат тилининг қўлланиш кўламини кенгайтириш, унинг мақомини мустаҳкамлаш, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, таълим соҳасидаги миллий қонунчиликни янада такомиллаштиришга хизмат қилади.