Сенат Қозоғистон ва Сингапур ўртасидаги инвестициялар тўғрисидаги ҳужжатни маъқуллади
ASTANA. Kazinform - Бугун Сенатнинг ялпи мажлисида “Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ва Сингапур Республикаси Ҳукумати ўртасида Инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги Битимни ратификация қилиш ҳақида”ги Қонун маъқулланди.

Битим 2018 йил 21 ноябрь ойида Сингапурда имзоланган. Ҳужжатнинг асосий вазифаси – инвестиция фаолиятини амалга ошириш жараёнида инвесторларнинг ҳуқуқлари кафолатларини тасдиқлаш орқали ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини яратишдан иборат.
“Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ва Сингапур Ҳукумати ўртасида инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги битим икки давлатнинг бир-бирига адолатли ва тенг инвестиция режимини ўзаро таклиф қилишига қаратилган. Мазкур Битим икки томонлама яқин иқтисодий ҳамкорлик, шунингдек, тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш ва ҳар икки давлат фаровонлигини ошириш учун қулай шарт-шароит яратади”, — деди сенатор Жанна Асанова.
Унинг сўзларига кўра, ҳужжат тенг ҳуқуқли режим, миллий қонунчилик ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ тўлиқ ҳимоя ва хавфсизликни таъминлайди.
“Сингапурнинг хорижий сармояларни жалб қилиш тажрибаси Қозоғистоннинг ишбилармонлик ва сармоявий муҳитини яхшилашда муҳим аҳамиятга эга. Сингапурда сармоя киритиш учун кенг имкониятлар мавжуд. Хусусан, хорижий инвестициялар учун миллий режим ўрнатилган. Чет эл капиталидан фойдаланишда ҳеч қандай чекловлар йўқ. Маҳаллий иқтисодиётнинг барча резидентлари (Сингапур ва хорижий компаниялар) фаолияти алоҳида тармоқ қонунчилиги билан тартибга солинади. Эслатиб ўтамиз, Сингапурнинг Қозоғистон иқтисодиётига киритган сармояларининг умумий ҳажми 1,4 миллиард доллардан ошди. Айни пайтда Сингапур компанияларининг инвестиция лойиҳалари портфелига 642,6 миллион долларлик 13 та лойиҳа киритилган. Шуни инобатга олган ҳолда, ушбу қонун инвестиция муҳитини янада яхшилаш ва мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни фаол ривожлантиришга хизмат қилишига ишонаман”, — деди депутат.
Муаллиф: Руслан Ғаббасов