Сенат Қозоғистон ва Хитой фуқароларининг миграцияси тўғрисидаги қонунни маъқуллади
Бугун Сенатнинг ялпи мажлисида “Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ва Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида Томонлар давлатларнинг фуқаролари тўғрисида маълумот алмашиш тўғрисидаги Битимни ратификация қилиш тўғрисида”ги Қонун маъқулланди, деб хабар беради Каzinform мухбири.

Битим жорий йилнинг 17 май куни Сиань шаҳрида Давлат раҳбарининг Хитойга ташрифи доирасида Хитой Халқ Республикаси ва Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлари томонидан имзоланган эди.
Қонуннинг мақсади Қозоғистон ва Хитой фуқаролари тўғрисида миграция соҳасида ахборот алмашиш бўйича ҳамкорлик қилишдан иборат.
“Ушбу маълумотлар икки фуқароликка қарши кураш, шунингдек, ноқонуний миграция каналларининг олдини олиш учун зарур. Қозоғистон томонидан Ички ишлар вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги, Хитой томонидан эса Ташқи ишлар вазирлиги ва Миграция ишлари бўйича давлат бошқармаси келишувни амалга оширувчи ваколатли органлар этиб белгиланди”, - деди сенатор Мурат Қадирбек.
Ушбу органлар ўз фуқароларининг шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш учун жавобгардир.
“Битимда суверенитет, хавфсизликка таҳдид ва қонунчилик бузилган тақдирда сўровларни бажаришдан бош тортиш назарда тутилган. Ҳозирда бешта давлат (Озарбайжон, Беларусь Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон) билан бундай икки томонлама шартномалар тузилган. Шунингдек, Россия, Арманистон ва Қирғизистон билан кўп томонлама келишув мавжуд. Битимнинг ратификация қилиниши Қозоғистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида миграция ва икки томонлама фуқароликка қарши кураш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади ва бу борадаги маълумотлар алмашинувининг тегишли ҳуқуқий механизмини яратиш имконини беради”, - деди депутат.
Ўз навбатида, Сенат раиси Маулен Ашимбаев қайд этилган қонун доирасида ахборот алмашинуви давлат манфаатларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилишини таъкидлади.
“Тасдиқланган қонун икки давлатнинг миграция соҳасидаги ваколатли органлари ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга ижобий ҳисса қўшади, деб ҳисоблаймиз”, — деди Сенат раиси.
Муаллиф: Руслан Ғаббасов