Семей шаҳрида 1000 дан ортиқ киши биргаликда Қозоғистон Мадҳиясини куйлади
SEMEI. Кazinform - 4 июнь – Қозоғистон Республикасининг Давлат рамзлари куни муносабати билан Семей шаҳрида 1000 дан ортиқ киши биргаликда мамлакат Мадҳиясини куйлади.


– Рамзларнинг ҳар бири чуқур тарихий аҳамиятга эга. Осмонда ҳилпираб турган Байроқ, куч-қувват ва фаровонликни белгиловчи Герб, тантаналарда ижро этиладиган Мадҳия Қозоғистон суверенитети ва давлатчилиги тимсолидир. Абай вилоятида эрталабдан турли байрам тадбирлари ўтказилмоқда. Улар орасида марказий майдонда ўтказилган кенг кўламли ватанпарварлик флешмобини алоҳида таъкидлаш мумкин. Майдонда бир вақтнинг ўзида мингдан ортиқ семейликлар мамлакат Мадҳиясини куйлади, — дея хабар қилди вилоят ҳокимлигидан.
Тадбирда вилоят ҳокими Нурлан Ўранхаев, фахрийлар, депутатлар, жамоат арбоблари, ҳарбийлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, давлат хизматчилари, ёшлар ва шаҳар аҳолиси иштирок этди.

Байрам доирасида “Тинчлик” оролидан марказий майдонгача велопойга ташкил этилди. Унда 200 дан ортиқ велоспортчи иштирок этди. Танловда қатнашганлар ҳам ватанпарварлик флеш-мобига қўшилди.
Эслатиб ўтамиз, бугун ёшлар ўртасида мавзули кўргазмалар, чалленжлар ва флешмоблар ўтказилади.

