Сайлов: ҚР МСК раиси МДҲ ПА кузатувчилари гуруҳи билан учрашди
Марказий сайлов комиссияси хабарига кўра, мазкур гуруҳ Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси депутатларининг навбатдан ташқари сайловига тайёргарлик кўриш ва унинг ўтказилишини назорат қилади.
«Нурлан Абдиров МДҲ ПА кузатувчиларини янгиланган қонунчиликка мувофиқ ўтказилаётган Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси депутатлари сайлови бўйича жорий сайлов кампаниясининг асосий босқичлари билан таништирди.
Бундан ташқари, МСК раиси йиғилиш иштирокчиларини партия рўйхатларини рўйхатга олиш якунлари, қуръа ташлаш натижалари, шунингдек, Парламент Мажилиси депутатлигига бир мандатли ҳудудий сайлов округларидан сайланадиган номзодларни рўйхатга олиш якунлари тўғрисида маълумот берди», — дейилади пресс-релизда.
Ўз навбатида, МДҲ ПА делегацияси раҳбари Дмитрий Кобицкий учрашувни ташкил этгани учун миннатдорчилик билдирди. Қайд этилишича, айни пайтда МДҲ ПА кузатувчилар гуруҳини шакллантириш жараёни давом этмоқда. МДҲга аъзо давлатлар парламентлари депутатлари, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Кенгаши котибияти ходимлари ва сайлов жараёнлари соҳасида профессионал билимга эга мутахассисларни ўз ичига олган камида 50 кишини киритиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, у Арманистон Республикаси Миллий Ассамблеясининг Минтақавий масалалар ва Евроосиё интеграцияси бўйича доимий комиссияси раисининг ўринбосари, Арманистон-Қозоғистон Парламент дўстлик гуруҳи раҳбари Вагаршак Акопян МДҲ ПА кузатувчилар гуруҳи координатори этиб тайинланганини маълум қилди.
Делегация раҳбари Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидан келган халқаро кузатувчилар гуруҳи Қозоғистон Республикаси Мажилиси депутатларининг навбатдан ташқари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини сиёсий бетарафлик, холислик, ошкоралик ва сайлов жараёнига аралашмаслик қоидалари асосида кузатиб боришига ишонтирди.
Шунингдек, МДҲ ПА вакиллари оммавий ахборот воситаларида сайловолди ташвиқоти мониторинги, сайловни молиялаштириш, сайловга тайёргарлик кўриш ва сайлов кампанияси иштирокчиларининг тенг ҳуқуқларини таъминлаш масалалари билан танишди.
Қозоғистон Республикаси МСК аъзолари барча саволларга тўлиқ жавоб бердилар.
Нурлан Абдиров, ўз навбатида, делегацияга Қозоғистонда бўлиб ўтадиган сайловларда халқаро кузатувга мунтазам иштирок этиб келаётгани учун миннатдорлик билдириб, МДҲ кузатувчилари гуруҳининг тўлақонли ва самарали фаолият юритиши учун барча зарур шароитлар яратилишини таъкидлади.
Бугунги кунда 11 давлат ва 3 халқаро ташкилотдан 97 нафар халқаро кузатувчи аккредитациядан ўтган.
Фото: election.gov.kz