Саудия Арабистони Қозоғистонда яшил энергияга 10 млрд доллар сармоя киритмоқчи
Саудия Арабистони Қозоғистонда яшил энергия лойиҳаларини ривожлантиришга 10 миллиард доллар сармоя киритишни режалаштирмоқда, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Ар-Риёдда бўлиб ўтган Қозоғистон-Саудия ҳукуматлараро комиссиясининг йиғилишида қўшма сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Шу тариқа Саудиянинг ACWA Power компанияси Қозоғистонда шамол электр станциясини қуриш бўйича биринчи имзоланган келишувни эълон қилди.
-Қозоғистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги яқин алоқалардан жуда мамнунмиз. Биз Қозоғистонга сармоя киритишни давом эттирмоқчимиз. Бу аҳолини катта миқдордаги тоза энергия билан таъминлайдиган биринчи лойиҳамиз. Бизнинг катта амбицияларимиз бор, шунингдек, яшил водород ва потенциал энергия узатишни ўрганмоқдамиз. Қайта тикланадиган энергия манбаларига, шунингдек, Қозоғистонни мамлакат сифатида карбонсизлантиришга катта эҳтиёж бор. Бу кўплаб фойдали қазилмалар ва табиий ресурсларга эга мамлакат. Мақсадимиз шамол энергетикаси саноатини йўлга қўйишдир”, - деди ACWA Power инвестиция бўйича бош директори Томас Бростром.
У компания Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистон ва Озарбайжонга фаол сармоя киритаётганини таъкидлади. Томас Бростром, шунингдек, ACWA Power компаниясининг Қозоғистондаги лойиҳаларга сармоя киритиш бўйича келажакдаги режалари ҳақида ҳам гапирди.
-Ҳозир нафақат шамол энергияси, балки водород энергетикаси бўйича яна 3-5 та лойиҳани кўриб чиқяпмиз. Агар ҳамма нарса режа бўйича кетса, биз катта миқдорда, тахминан 10 миллиард доллар сармоя киритишни режалаштирмоқдамиз”, - дея қўшимча қилди Томас Бростром.
Муаллиф: Данира Искакова