Satbayev Universityнинг Ўзбекистонда ваколатхонаси очилди

Ташриф чоғида икки олий таълим муассасаси ўртасида Тошкент шаҳридаги Kimyo International University in Tashkent негизида Satbayev Universityнинг ваколатхонасини очиш тўғрисида келишув имзоланди.
Имзоланган келишув илм-фан ва олий техника таълими соҳасида ҳамкорлик қилиш ҳамда қўшма дастурлар ишлаб чиқишни назарда тутади. Шу тариқа, Satbayev University Тошкентда Space engineering, IT-Technologies, Material Science ва машинасозлик каби таълим дастурларини очишни режалаштирмоқда. Ҳозир университет бешта олий ўқув мактабидан иборат.
Satbayev Universityнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўзбекистонлик талабаларга муҳандислик йўналишида сифатли таълим олиш имкониятини беради ҳамда Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида фан ва олий техника таълими соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим қадам бўлади.
«Бизнинг инновацион маҳсулотимиз таълим соҳасида инқилоб қилади ва ҳар икки давлат иқтисодиёти ривожига ҳисса қўшади», - деди Satbayev University ректори Мейрам Бегентаев.
Тошкент Кимё халқаро университети Ўзбекистондаги биринчи хусусий олий таълим муассасаси бўлиб, 2018 йилда Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти сифатида ташкил этилган. Ҳар икки университет илм-фан ва таълим соҳасида катта тажрибага эга ва бу ҳамкорлик икки давлат талаба ва ўқитувчилари учун янги имкониятлар очмоқда.