Саркози уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди
ASTANA. Kazinform - Франциянинг собиқ президенти ўзига қарши суд жараёнига таъсир ўтказиш мақсадида Кассация инстанциясининг катта судьяси билан коррупцион келишув тузганликда айбдор деб топилди, дея хабар беради Kazinform агентлиги Euronewsга таяниб.
Париж Кассация суди Франциянинг собиқ президенти, 69 ёшли Николя Саркозига нисбатан Апелляция судининг қарорини ўз кучида қолдирди: коррупция, таъсир ўтказиш савдоси ва терговга босим ўтказиш ҳолатлари бўйича уч йиллик муддат, шу жумладан, бир йил ҳақиқий қамоқ жазоси (электрон браслет таққан ҳолда).
Собиқ давлат раҳбари адвокати Тьерри Эрцог билан биргаликда 2014 йилда Кассация судининг катта судьяси Жильбер Азибер билан ўзи алоқадор бошқа ишда - Бетанкур иши билан боғлиқ маълумот олиш ва таъсир ўтказиш мақсадида “коррупция шартномаси” тузганликда айбдор деб топилди.
Суд Саркози Азиберни маълумот эвазига Монакода лазозим олишда ҳимоя қилгани исботланган деб топди. Эрцог Саркози ва Азибер ўртасида воситачи ролини ўйнади.
Учтаси ҳам уч йилга озодликдан маҳрум этилди, шунингдек, уч йилга аввалги фаолияти билан шуғулланиш тақиқланди. Саркозига ҳам уч йилга сайловда қатнашиш тақиқланган.
Саркозининг адвокати сиёсатчи Кассация судининг қарорига амал қилишини, лекин унинг айбсизлигини таъкидлаб, Европа Инсон ҳуқуқлари судига мурожаат қилишини айтди.
Николя Саркозига қарши суд 2020 йил ноябрь ойида у лавозимда бўлган вақтида L’Oreal косметика компанияси ҳаммуассиси, миллиардер Лилиан Беттанкурдан 2007 йилги сайлов кампаниясини молиялаштириш учун олинган хайриялар бўйича терговга таъсир ўтказмоқчи бўлган, деган гумон билан бошланган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Париж Апелляция суди Франциянинг собиқ президентини 2012 йилдаги сайловолди кампаниясини молиялаштириш иши бўйича олти ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилгани хабар қилинганди.