Самарқандда Шаржа амирлигининг археологик кўргазмаси очилади
TASHKENT. Kazinform - Қўҳна шаҳар – Самарқанддаги “Silk Road” сайёҳлик марказида 2024 йил 18 апрелдан 22 майга қадар Шаржа археология бошқармасининг амирликдан олинган археологик кашфиётларн намойишига бағишланган кўргазмаси ташкил этилади, деб хабар беради Kazinform UzAга таяниб.

121 ноёб археологик асар ўрин олган мазкур кўргазма Шаржадаги тарихий даврлар, жумладан, бронза ва темир асри, мамлакатдаги ислом давригача бўлган ҳаётни тўлиқ ифодалаши билан қизиқ ва аҳамиятли, дейиш мумкин.
– Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган нуфузли кўргазма орқали археологик тадқиқотлар соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ва маданий мерос соҳасида қўшма-илмий тадқиқотлар олиб бориш мақсад қилинган, – дейди Шаржа Археология бошқармаси бош директори Эйза Юсуф. – Лойиҳа Бирлашган Араб Амирликларининг бой маданий, тарихий ва археологик жиҳатларини намойиш этиб, ташриф буюрувчиларга Шаржа амирлигининг маданий мероси, хилма-хиллиги ва тарихи билан яқиндан танишиш имконини беради.
Амирликда туризмни ривожлантириш ва минтақа цивилизациясини танитишда кўргазмалар муҳим аҳамиятга эга. Шу боис бошқарма раҳбари анжуман Ипак йўлидаги маданий ва илмий аҳамиятга молик шаҳар Самарқандда ўтказилаётгани бежиз эмас, деган фикрни олға сурмоқда.

– Ушбу кўҳна замин жаҳон илм-фан равнақи даврида марказ ҳисобланган, шунингдек, тарихда Шарқни Ғарб билан боғлашдаги муҳим роли бизни рухлантиради, – дейди Э.Юсуф.
Қайд этиш керак, тақдим этилажак артефактлар орасида Ипак йўли бўйлаб савдода фойдаланган тангалар тўплами, жумладан, Кушон тангалари, Аббосий дирҳамлари ва битта сўғд мис тангаси ҳамда Млейхада топилган кулолчилик коллекциялари ҳам бор.
Шаржа археология бошқармаси маълумотига кўра, юқори даражадаги халқаро кўргазмалар қатори ушбу тақдимот ҳам илгари Япония, Испания ва Бельгияда юқори даражада ташкил этилган. Бундан ташқари, маъмурият 14 та археологик асар намойиш қилинган Пекин Миллий музейидаги иштирокини алоҳида эътироф этмоқда.