Самарқандда илк бор Халқаро автомобиль федерациясининг конференцияси бўлиб ўтади

TASHKENT. Kazinform - Халқаро автомобиль федерациясининг (FIA) 2024 йилги кенгайтирилган конференцияси илк бор Марказий Осиёда, аниқроғи, Самарқанд шаҳрида ташкил этилади, деб хабар беради Kazinform ЎзАга таяниб.

Самарқандда илк бор Халқаро автомобиль федерациясининг конференцияси бўлиб ўтади
Фото: ЎзА

Жорий йил 10-13 июнь кунлари қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқандда ўтказиладиган мазкур конференция доирасида Халқаро автомобиль федерациясининг 2024 йилги навбатдан ташқари Бош Ассамблеяси бўлиб ўтади.

Бу йилги FIA Бош Ассамблеяси ташкилотнинг120 йиллигига бағишланиши билан аҳамиятлидир.

Айтиш лозимки, FIA — Халқаро автомобиль федерацияси 1904 йилда ташкил этилган. Беш қитъанинг 147 мамлакати аъзо бўлган федерация глобал автоспортни бошқарувчи орган ҳисобланади. Ўзбекистон 2019 йилда Халқаро автомобиль федерацияси аъзоси бўлган.

Тадбир Самарқанддаги «Ипак йўли» туристик мажмуасининг конгресс марказида бўлиб ўтиши белгиланган. Унда 147 мамлакатдан 500 нафардан ортиқ миллий автомобиль федерацияси президентлари, автоспорт клублари ва бошқа автоспортга дахлдор ташкилотларнинг делегатлари иштирок этиш талабномаларини тақдим этган.

Шу кунларда Спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий автоспорт ва картинг федерацияси ҳамда тегишли ташкилотлар томонидан мамлакатимизда илк бор ташкил этилаётган ушбу нуфузли анжуманни юқори савияда ўтказиш борасида тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Сўнгги хабарлар