Садир Жапаров қирғизистонликларни “Манас” эпоси куни билан табриклади
Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров бугун қирғизистонликларни “Манас” эпоси куни билан табриклади. Бу ҳақда Kazinform агентлиги Kabarга таяниб хабар беради.
“Ҳурматли қирғизистонликлар! Бугун авлоддан-авлодга ўтиб келаётган, отадан ўғилга айтилган, халқимиз қалбида ўнлаб асрлар давомида сақланиб келаётган буюк “Манас” эпоси куни. “Манас” эпоси қирғиз халқининг миллий ғурури ва маънавий мероси, жаҳондаги миллий шеъриятнинг дурдона асари, кўп асрлар давомида халқ эъзозлаб келаётган йўлбошчидир! Алвон байроғимиз, гербимиз ва мадҳиямиз давлат тимсоли бўлса, “Манас” эпоси халқ бирлиги рамзидир. “Манас” эпосида қирғиз халқининг асрлар давомидаги буюклиги ва бирлиги тасвирланган. Кўп миллатли Қирғизистоннинг миллий мафкураси ана шу буюк бирликда ётади”, — деди Қирғизистон президенти.
Шунингдек, “Манас” эпосини тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам сўз юритди.
“2022 йил 22 апрелда қирғиз халқининг бебаҳо маънавий мероси бўлмиш “Манас” эпоси трилогияси (“Манас”, “Семетей”, “Сейтек” достонлари)ни ҳар томонлама ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги фармонни имзоладим. Орадан кўп ўтмай, 2022 йил 28 сентябрда “Манас” эпосини илмий тадқиқ этиш ва оммалаштириш учун зарур бўлган комплекс шарт-шароитларни яратиш тўғрисидаги қарори билан “Манас ва Чингиз Айтматов номидаги Миллий академия” давлат муассасаси “Манас Миллий академияси”га айланди. Ишончим комилки, бу қадамлар “Манас” эпосини ҳар томонлама ўрганишга хизмат қилади”, – деди Садир Жапаров.