Россиянинг 76 ҳудуди Қозоғистон вилоятлари билан бевосита ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган – Владимир Путин
Россиянинг 76 ҳудуди Қозоғистон вилоятлари билан бевосита ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Бу ҳақда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Қостанайда бўлиб ўтаётган Қозоғистон ва Россия XIX ҳудудлараро ҳамкорлик форумида маълум қилди, деб хабар беради Kazinform.
“Шу кунларда Қостанайда икки мамлакатнинг 30 дан ортиқ ҳудуди вакиллари – давлат органлари раҳбарлари, қонун чиқарувчилар, вазирлик ва идоралар, ишбилармонлар, илмий ва жамоат гуруҳлари вакиллари йиғилди. Яъни муносабатларимизнинг бутун мажмуасида – сиёсатда, иқтисодиётда, гуманитар соҳада ривожланишнинг амалий жиҳатлари билан ҳар куни шуғулланувчилар”, — деди Россия Президенти.
Унинг айтишича, Қозоғистон Президентининг фаол ва ташаббускор фаолияти туфайли икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорлик чуқурлашиб, аниқ мазмун билан тўлдирилади.
“Ҳозирги вақтда Россия Федерациясининг 76 ҳудуди Қозоғистон вилоятлари билан бевосита ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Ҳудудлараро ташрифлар алмашинуви доимий характерга эга бўлиши ҳам муҳимдир. Жорий йилда, хусусан, Ёқутистон, Астрахан, Челябинск вилоятлари раҳбарларининг Қозоғистоннинг турли ҳудудларига хизмат сафарлари жуда самарали бўлди. Қозоғистондан вакиллик делегациялари Красноярск иқтисодий форуми ва Бурятиянинг 100 йиллигига бағишланган тадбирларда иштирок этди”, — деди Владимир Путин.
Россия Президентининг сўзларига кўра, ҳудудий ҳамкорликнинг самарали шартномавий-ҳуқуқий базаси доимий равишда ривожланиб, тўлдирилмоқда. Улар орасида икки давлат ҳукуматлари ўртасида 60 дан ортиқ шартномалар мавжуд.
“Менга маълум бўлишича, ушбу форум якунлари бўйича умумий қиймати қарийб 100 миллион доллар бўлган бир қатор янги шартнома ва меморандумлар ҳамда тижорат шартномалари имзолашга тайёрланди. Бу Россия-Қозоғистон иқтисодий муносабатлари қандай муваффақиятли ривожланаётганини яққол кўрсатиб турибди. Шу ўринда шуни таъкидлашни истардимки, ҳудудларнинг бевосита ва фаол иштироки билан 2022 йилда Қозоғистон билан ўзаро савдо айланмамиз 10 фоиздан зиёд ўсди. Статистик маълумотларимизга кўра, бу 28,2 миллиард доллар”, - деди у.