Россияда Қозоғистон маданият кунлари бошланди

Кечани Атирау вилояти ҳокимининг ўринбосари Қайрат Нуртаев ва Қозоғистон Республикаси Маданият қўмитаси раиси ўринбосари Кумис Сеитова очар экан, бўлажак тадбирлар муҳимлигини таъкидлаб, қардош Қозоғистон ва Россия халқларини умумий асрлар, қадимий тарих, иқтисодий алоқалар, ягона маданий-маънавий макон боғлаб туришини эслатди.
Ўз навбатида, Астрахан вилояти губернаторининг ўринбосари – ҳукумат раиси Олег Князев ҳар икки давлатни яқин, иттифоқчи, дўстона муносабатлар бирлаштириб туришини таъкидлади. – Яхши қўшничилик муносабатларини ўрнатишда маданий соҳадаги шериклик алоҳида ўрин тутаётганидан чин дилдан хурсандман, – деди у.
Томошабинлар Қурманғази номидаги халқ чолғу асбоблари оркестри, дўмбира усталари Секен Турисбеков, Батиржан Миқтибаев ва Айгул Улкенбаева, «Астана опера» театрининг етакчи солисти Салтанат Ахметова ва республиканинг бошқа таниқли ижрочилари ва ижодий жамоаларининг чиқишларини катта қизиқиш билан кутиб олди.
Бир кун аввал Астрахан вилояти Володар туманидаги Алтинжар қишлоғидаги Қурманғази номидаги вилоят маданият марказида очиқ майдонда қозоқ диаспораси вакиллари учун Қозоғистон санъат усталарининг концерти катта муваффақият билан бўлиб ўтди.
Қозоғистоннинг Россиядаги маданият кунлари дастури 8 сентябр куни Қозонда, 13 сентябр куни эса Москвада давом этади.
Фото: www.kazembassy.ru