Россияда давлатга хиёнат учун судланганлар сони кескин ошди
MOSKVA. KAZINFORM - РФда ўтган йили давлатга хиноят ва жосуслик учун қарийб 170 киши судланган. Шунингдек, махфий равишда чет эл давлатлари билан ҳамкорлик қилишда айбланганлар сони 10 бараварга ошган. Бу ҳақда Суд департаменти маълумотларига таяниб, «Важние истории» хабар берди.
Россияда 2024 йилда 145 киши давлатга хиёнат (РФ Жиноят кодексининг 275-моддаси) ишлари бўйича судланди.
Қайд этилишича, бу 2023 йилги кўрсаткичлардан тўрт баробарга кўп ва замонавий Россия тарихидаги барча кўрсаткичлардан юқори.
Судлар бир йил давомида 23 нафар россияликни жосуслик (Жиноят кодексининг 276-моддаси) учун жазога ҳукм этган — бу 2023 йилга нисбатан 2,5 баробарга кўп. Юқоридаги икки модда бўйича судланган шахслар сони қўшиладиган бўлса, Россия судлари ўтган йили кунора бир кишини «хиёнат» учун қамоққа ҳукм этган.
Махфий равишда чет эл давлатлари билан ҳамкорлик қилиш бўйича судланганлар сони 10 бараварга ошган — ўтган йили ушбу модда асосида 21 нафар россиялик айбдор деб топилган. Мазкур модданинг ўзи Жиноят кодексига Россиянинг Украинага тажовузи бошланганидан сўнг киритилган.
Бундан ташқари, давлат сирларига оид моддалар бўйича жазога тортилганлар сони ҳам ошган. Ўтган йили ушбу моддалар бўйича 209 киши судланган — бу ўтган йилга нисбатан 30 фозига кўп.
RTVI эълон қилган статистикага кўра, ўтган йил давомида жосуслик моддаси бўйича камида 28 киши судланган. Уларнинг 18 нафари Украина фуқароси, 7 нафари россиялик, 2 нафари эса АҚШ фуқароси.