Россияда 100 нафардан ортиқ ўзбекистонликнинг паспорти олиб қўйилиб, мажбурий тарзда ишлатиб келинган

Мигрантлар
Фото: Dunyo.info

Ўзбекистоннинг Екатеринбургдаги Бош консуллиги ходимлари Ташқи меҳнат миграция агентлиги билан ҳамкорликда Россиянинг Урал федерал округида мажбурий меҳнатга жалб этилган ўзбекистонликларнинг юртига қайтишларига кўмак кўрсатишган. Бу ҳақда Kazinform Dunyo ахборот агентлигига таяниб хабар беради.

Бош консулликдан олинган маълумотларга кўра, шу йил октябрь ойида Ўзбекистон фуқаролари Х.С., Б.С. У.Д. Ташқи меҳнат миграция агентлигининг Екатеринбург шаҳридаги вакилига мурожаат қилган. Унга кўра, Свердловск вилоятидаги "Рефтинская птицефабрика" корхонаси иш берувчилари бир гуруҳ ўзбекистонликларнинг фуқаролик паспортларини олиб қўйганини ҳамда ойлик маошларини бермасдан мажбурий тарзда ишлатиб келаётганини маълум қилган.

Суриштирувларга кўра, жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойларида Москва вилоятида рўйхатдан ўтган "Константа" МЧЖ 100 нафардан ортиқ ўзбекистонликларни Свердловск вилоятидаги йирик товуқ етиштириш хўжалигига олиб келган. Мигрантлар Россияда вақтинча бўлиш ва ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар билан расмийлаштирилмасдан ишга жалб этилган.

Шунингдек, мулоқот мобайнида улар 2 ой давомида ойлик маошларини олмаганликлари, фуқаролик паспортлари тортиб олингани аниқланган.

“Корхона раҳбарияти билан олиб борилган музокаралар натижасида 53 нафар кишининг фуқаролик паспорти олиб берилишига эришилди ва уларга Ўзбекистонга етиб олишлари учун кўмак кўрсатилди. Қолганлар эса Екатеринбург, Москва ва бошқа шаҳарларда қонуний тарзда ўз фаолиятларини давом эттириш истакларини билдирди",- дейилади хабарда.

Сўнгги хабарлар