Россия, Ўзбекистон, Хитой ва Европадан тарихий мерослар қайтарилади – ҚР Маданият ва ахборот вазири
ASTANA. Кazinform - Россия, Ўзбекистон, Хитой ва бир қатор Европа давлатларидан қимматли тарихий меросларни қайтариш бўйича ишлар бошланди. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Маданият ва ахборот вазири Аида Балаева маълум қилди.

“Маданият масканларимиз ҳолатини яхшилаш, уларни муносиб даражага олиб чиқишимиз керак. Бу иш босқичма-босқич амалга оширилади. Ҳозирга қадар мамлакатимиздаги 3 та музейнинг ички экспозициясини замон талаблари асосида модернизация қилиш режалаштирилган. Миллий музей ёнида кенг кўламли реставрация маркази барпо этилиб, халқимизнинг кўп асрлик тарихидан хабар берадиган қадриятларимизнинг ҳаётийлигини асраб-авайлаш учун шароит яратади. Зеро, бу тарихий меросларни тиклаш, муҳофаза қилиш ва тарғиб қилишда муҳим аҳамиятга эга”, — деди А. Балаева Қазмедиа марказида вазирлик ҳайъати йиғилишида.
Айни пайтда уларнинг ички мазмунини бойитишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Шунинг учун вазирликнинг асосий эътибори узоқ ва яқин хориждан тарихий қимматли меросларимизни қайтаришга қаратилади. Ўз вақтида турли тарихий шароитлар туфайли хорижга кетган миллий бойликларимизни қайтариш устувор вазифа бўлиб қолмоқда. Албатта, бу ишлар халқаро қонунчилик асосида амалга оширилмоқда, бироқ бугун биз Россия, Ўзбекистон, Хитой ва бир қатор Европа давлатлари билан тегишли ишларни бошладик”, — деди вазир.