Россия Президенти кузда Қозоғистонга ташриф буюришни режалаштирмоқда
Учрашув Қозоғистон Бош вазири ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртилеунинг Москвага расмий ташрифи доирасида бўлиб ўтмоқда.
Мурат Нуртилеу Россия анъанавий равишда Қозоғистоннинг асосий стратегик ва асосий иқтисодий ҳамкори эканини таъкидлади. Икки давлат ўртасида узоқ йиллик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарига асосланган яқин ва мустаҳкам муносабатлар мавжуд.
«Мамлакатларимиз раҳбарлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ва дўстона муносабатларнинг интенсив характери туфайли интенсив, ишончли ва конструктив икки томонлама сиёсий мулоқот йўлга қўйилди, савдо-иқтисодий алоқалар ўрнатилди, мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий база яратилди», - дея таъкидлади Қозоғистон ТИВ раҳбари.
«Фурсатдан фойдаланиб, Россия томони Россия Федерацияси Президенти Владимир Владимирович Путиннинг жорий йилнинг кузида Қозоғистонга ташрифини ташкил этишга тайёрлигини тасдиқловчи ҳужжатни юборгани учун ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Ўйлайманки, ушбу ташриф давомида самарали музокаралар бўлиб ўтади ва минтақалараро форум ташкил этишга эришамиз. Хабарингиз бор, биз ушбу муҳим тадбирни ташкил этиш устида ишламоқдамиз. Форум Қостанай шаҳрида бўлиб ўтади», — деди Мурат Нуртилеу.
Сергей Лавров ўз ҳамкасбини яқинда бўлиб ўтган Парламент сайловлари ҳамда Бош вазир ўринбосари - Ташқи ишлар вазири лавозимига тайинлангани билан табриклади.
«Ишончим комилки, биз бундан кейин ҳам Президентларимиз эришган келишувларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича фаол ишлаймиз ва муносабатлар узлуксизлигини таъминлаймиз. Сизда, жумладан, ташқи сиёсат соҳасида ҳам жуда бой иш тажриба бор. Ишончим комилки, биз иттифоқчилик, стратегик шериклик муносабатларимизни мустаҳкамлашда давом этамиз», — деди Россия ТИВ раҳбари.
Ташқи ишлар вазирларининг маслаҳатлашувлари яккама-якка ва кенгайтирилган таркибда ўтказилади. Учрашув якунлари бўйича Қозоғистон ва Россия Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2023-2024 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик бўйича Ҳаракатлар режасини имзолаш режалаштирилган.
Фото: ria.ru
Муаллиф: Наримбек Исмағулов