Россия Қозоғистонда АЭС қуриш бўйича таклифлар билан чиқди
ASTANA. Kazinform – "Росатом" Қозоғистонда атом электр станциясини қуриш учун ўз ваколатларини тақдим этишга тайёр. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Қозоғистонга амалий ташрифи якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди, деб хабар беради ТАСС.
“Россия нафақат [атом электр станциясини қуришда] ёрдам беришга тайёр, Россия аллақачон ўз таклифларини билдирган. Биз Қасим-Жомарт Тоқаев ўтказган референдумни кузатиб, атом энергетикасини ривожлантириш режаларини қўллаб-қувватладик. “Росатом” қозоғистонлик дўстларимиз билан бу масалани ҳал қилиш учун ўз ваколатларини тўлиқ тақдим этишга тайёр”, – деди Сергей Лавров.
Лавров, шунингдек, Россия “бошқа давлатлардаги тегишли идоралар ва тузилмалар билан ҳамкорлик қилишга” тайёр эканлигига эътибор қаратди.
Эслатиб ўтамиз, референдум натижаларига кўра Қозоғистонда атом электр станцияси қурилиши учун фуқароларнинг 71,12 фоизи овоз берган.
Атом электр станциясини қуриш лойиҳасини амалга оширишга қизиқиш билдирган реактор технологиялари етказиб берувчиларининг қисқа рўйхати аллақачон шакллантирилган. Рўйхатга дунёнинг тўртта етакчи компанияси киритилган: Франциянинг EDF, Россиянинг “Росатом” давлат корпорацияси, Кореянинг KHNP ва Хитойнинг СNNC.
Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев аввалроқ Франциянинг «Le Figaro» газетасидаги “Қозоғистон Франциянинг стратегик ва ишончли ҳамкори” номли фикр мақоласида АЭС қуриш қарори қабул қилингандан кейин Қозоғистон Франция атом саноатини қўллаб-қувватлаши мумкинлигини таъкидлаган эди.
Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёль ҳам Корея компанияларининг Қозоғистондаги атом энергияси лойиҳаларига қизиқишини маълум қилди.
“Шу билан бирга, Давлат раҳбари Қозоғистонда атом электр станциясини халқаро консорциум қуриши кераклигини таъкидлаган эди. Атом электр станциясини қуриш лойиҳаси учун етказиб берувчи ёки консорциумни танлаш бўйича якуний қарор 2025 йилда қабул қилинади”, – деб хабар қилди ҚР Энергетика вазирлиги.