Россия Амур йўлбарсларини Қозоғистонга беришга тайёр
ASTANА. Кazinform - Амур йўлбарсларини Россиядан Қозоғистонга олиб келиш ва реинтродукциялаш лойиҳаси бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Россия методологияни ишлаб чиқди ва йўлбарсларни беришга тайёр, деб хабар беради Gazeta.Ru.
Бу ҳақда “Амур йўлбарси” маркази бош директори Сергей Арамилев РИА Новости агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.
2022 йилда Шарқий иқтисодий форумда Россия ва Қозоғистон йўлбарсларни Қозоғистонга бериш бўйича келишув имзолаган ва уларнинг бир қисми Приморьедан етказилиши мумкин.
Россия президенти Владимир Путин Қозоғистон Россия тажрибаси ёрдамида 2025 йилгача йўлбарсларни Марказий Осиёга қайтара олишига ишонч билдирди.
Арамилевнинг сўзларига кўра, биринчи босқичда Қозоғистондаги реабилитация марказида ўсган тўртта йўлбарсни озод қилиш режалаштирилган.
“Лойиҳа ҳозирда тўхтатиб қўйилган. Россия ўз мажбуриятларини бажарди, методологияни ишлаб чиқди ва далада эркин юрадиган генетик жиҳатдан тоза йўлбарслар захирасига эга. Биз ҳайвонларни қисқа муддатда Қозоғистонга топшириш учун тайёрлаб беришга тайёрмиз... Мунтазам режимда музокаралар давом этмоқда”, — деди Арамилев.
Шунингдек, у ОАВда Нидерландия ҳайвонот боғидан олинган йўлбарслардан фойдаланиш мумкинлиги ҳақида маълумотлар пайдо бўлганини айтди. Унинг фикрича, бу лойиҳани амалга оширишни қийинлаштиради.
“Умид қиламизки, бу ташаббус амалга ошмайди. Бу ерда экологик муаммолар билан бир қаторда сиёсий масалалар ҳам бор, биз ҳокимият қарорини кутмоқдамиз”, — дея қўшимча қилди у.
Арамилевнинг қайд этишича, лойиҳанинг асосий муаммоси Қозоғистондаги йўлбарсларнинг табиий яшаш жойларини, айниқса, кенг яйловлар шароитида қайта ташкил этишдир. Асосий вазифа - йўлбарсларнинг чорва молларига ҳужумларини олдини олиш ва одамлар билан учрашиш имкониятини камайтириш.