Ресурсларга бой Марказий Осиё давлатлари “асосий ҳамкорлар”дир - Жанубий Корея бош вазири

ASTANA. Kazinform - Корея Республикаси бош вазири Хан Док Су Марказий Осиё давлатлари Жанубий Корея учун “асосий ҳамкорлар” эканини айтди, чунки уларда табиий газ ва муҳим фойдали қазилмаларни ўз ичига олган бой ресурслар мавжуд, деб хабар беради Kazinform агентлиги Yonhapга таяниб.

Жанубий Корея бош вазири
Фото: Yonhap

Бу ҳақда бош вазир Вазирлар кабинети йиғилишида маълум қилди.

– Марказий Осиё биз учун жуда муҳим стратегик жой ва имкониятлар диёридир. Глобал ресурслар бўйича ҳамкорлик ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ бўлган бир пайтда, табиий газ ва муҳим фойдали қазилмалар каби бой ресурсларга эга Марказий Осиё давлатлари бизнинг асосий ҳамкорларимиз, - деди у.

Эслатиб ўтамиз, Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёль душанба куни Марказий Осиёга бир ҳафталик сафарини бошлади ва бу сафар давомида Туркманистон, Қозоғистон ва Ўзбекистонга боришни режалаштирмоқда.

Сафардан кўзланган мақсад Жанубий Корея ва Марказий Осиё минтақаси ўртасида фойдали қазилмалар ва бошқа муҳим тармоқлар соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат. Шунингдек, сафар давомида Юн Сок Ёль Жанубий Кореянинг инновацион имкониятларини Марказий Осиёнинг ривожланиш салоҳияти билан боғлаш орқали ҳамкорликнинг янги моделини яратишга қаратилган «K-Silk Road» номли янги ташаббус бошланганини эълон қилишни режалаштирмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Қозоғистон ва Жанубий Корея иқтисодиётнинг турли тармоқлари, жумладан, автомобилсозлик, тиббиёт ва металлургия саноатида фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. Жанубий кореяликлар Қозоғистонда автомобиль ўриндиқлари ва дон ташувчи машиналар ишлаб чиқариши маълум бўлди.

Сўнгги хабарлар