Республика куни Семейда янги мактаб очилади
Шаҳар маъмуриятининг маълумотларига кўра, Семейда миллий байрам - Республика куни кенг нишонланади.
«Байрам арафасида 22-23 октябр кунлари «Северний», «Дальний», «Жоламан» бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ярмаркаси ташкил этилади. 25 октябр куни эса тадбир этник-маданий бирлашмаларнинг паради ва давлат байроғини кўтариш маросими билан бошланиб, концерт дастурлари ва спорт тадбирлари билан давом этади», - дейилади хабарда.
Шаҳар музейлари ва кутубхоналарида аҳоли учун очиқ эшиклар куни ўтказилмоқда. Шунингдек, янги мактаб, спорт модули ва бошқа иншоотларнинг очилиши байрамга тўғри келмоқда.
Соат 19:00да марказий майдонда мамлакат эстрадаси юлдузлари иштирокида байрам гала-концерти, 22:00да байрамона салютлар ўтказилиши режалаштирилган.
Айтиш жоизки, байрам тадбирлари Абай вилоятининг барча туман ва шаҳарларида ўтказилади.