Референдум: Туркий Давлатлар Ташкилоти кузатувчилари тасодифий танланган 17 та участкага ташриф буюришди
ASTANА. Кazinform - Туркий давлатлар ташкилотининг кузатувчилар миссияси референдум куни тасодифий танланган 17 та участкага ташриф буюришди. Бу ҳақда миссия раҳбари, Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби ўринбосари Саъди Жафаров маълум қилди.
“Биз 17 та участканинг барчасида референдумга оид зарур маълумотлар ва материаллар берилганига гувоҳ бўлдик. Шунингдек, комиссия иштирокчилари барча тадбирларнинг шаффофлигини таъминлашга кўмаклашмоқда. Мониторингдан тўлиқ фойдаланиш имконига эга бўлдик ва ҳозирча сайлов комиссиялари фаолиятига маъмурий ёки ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ноқонуний аралашув ҳолатларини сезмадик”, — деди Саъди Жафаров Астанадаги Халқаро кузатувчиларга кўмаклашиш марказида ўтказилган брифингда.
Маърузачи кузатувчилар миссияси участкаларадаги референдум комиссияси аъзоларидан барча зарур маълумотларни олишга муваффақ бўлганини таъкидлади.
Миссия кун охиригача ўз ишини давом эттиради ва бугун кечқурун референдум участкаларидан бирида овозларни санаб чиқиш жараёнида ҳам иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, бугун Қозоғистон халқи атом электр станциясини қуриш масаласи бўйича умумхалқ референдумида овоз бермоқда.
Республика референдуми бюллетенида фақат битта савол бўлади:
— Қозоғистонда атом электр станциясини қуришга розимисиз?
Сайловчи иккита жавобдан бирини танлайди:
— “Ҳа, розиман” ёки “Йўқ, рози эмасман”.
Эслатиб ўтамиз, соат 16:00 ҳолатига кўра, 7 062 358 нафар фуқаро бюллетень олган. Бу рўйхатга киритилган фуқароларнинг 57,68 фоизини ташкил этади.