Равшан Назаров: Туркий давлатлар ташкилоти – жадал ривожланаётган интеграция лойиҳаси
3 ноябрь куни Қозоғистонда Туркий давлатлар ташкилотининг (ТДТ) Х юбилей саммити бўлиб ўтади. Шу муносабат билан Ўзбекистон Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти катта илмий ходими, сиёсатшунос Равшан Назаров Астана шаҳрида бўлиб ўтадиган навбатдаги кенгашда қандай масалалар кўтарилиши ва таклиф этилиши мумкинлиги ҳақида ўз фикрини билдирди, деб хабар беради Kazinform агентлиги мухбири.
Мутахассис сўз аввалида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида Самарқанд саммитида жорий йил Туркий цивилизациянинг юксалиш йили деб эълон қилинганини эслатиб ўтди.
“Шу боис бўлажак саммитда жорий йил якунлари эълон қилинади. Айниқса, бу йил давомида Туркий давлатлар ташкилоти негизида жуда кўп қизиқарли воқеа ва тадбирлар бўлиб ўтди”, – деди Равшан Назаров Kazinform мухбирининг саволига жавоб берар экан.
Сиёсатшуноснинг сўзларига кўра, йил бошидан буён ТДТ доирасида қуйидаги муҳим тадбирлар ўтказилди:
- ТДТ Бош котиби Кубаничбек Омуралиев январь ойида Тошкентга ташриф буюрди ва Ўзбекистон Президенти томонидан қабул қилинди ва институционал ислоҳотлар, янги иқтисодий имкониятлар маконини яратиш, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди;
- Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо давлатлар кучли зилзила содир бўлган Туркияга ҳар томонлама ёрдам кўрсатди;
- Март ойида Анқарада "Фавқулодда вазиятларни бошқариш ва инсонпарварлик ёрдами" мавзусида навбатдан ташқари саммит бўлиб ўтди. Унинг давомида 3 та муҳим ҳужжат имзоланди – саммитнинг Анқара декларацияси, Фуқаро муҳофазаси механизмини яратиш тўғрисидаги қарор, Туркий инвестиция жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги битим;
- Март ойида Тошкент шаҳрида ТДТ, ТУРКСОЙ, Халқаро Турк академияси, Туркий тиллар маданияти ва мероси халқаро жамғармаси, Туркий давлатлар парламент ассамблеяси кўмагида жадидлар меросини ўрганишга бағишланган халқаро форум ўтказилди;
- Шунингдек, март ойида Бокуда Озарбайжон, Туркманистон, Ўзбекистон президентлари, ТДТ Бош котиби иштирокида саммит бўлиб ўтди;
- Май ойида Туркияда бўлиб ўтган президентлик сайловларида Режеп Таййиб Эрдоған ғалаба қозонди. У биринчилардан бўлиб ТДТ мамлакатлари раҳбарлари томонидан табрикланди;
- Шавкат Мирзиёев июль ойида Ўзбекистон Президенти сайловида ғалаба қозонган эди. Бу сафар Шавкат Мирзиёевни биринчи бўлиб ТДТ мамлакатлари президентлари табриклади;
- Август ойида Венгрия пойтахти Будапештда Ўзбекистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Туркманистон ва Туркия раҳбарларининг учрашувлари бўлиб ўтди;
- Сентябрь ойида Душанбе шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг V Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Унда илк бор Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев иштирок этди.
Эксперт ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик жадал ривожланаётгани кўрсаткичларига тўхталиб, Ўзбекистонни мисол қилиб келтирди. Хусусан, Қозоғистон Ўзбекистоннинг Хитой ва Россиядан кейинги учта асосий ташқи савдо ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Жорий йилнинг 9 ойида Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 3 миллиард доллардан ошди.
Туркия билан ўзаро савдо ҳажми йил сайин ортиб бормоқда. Биргина ўтган йилнинг ўзида 370 янги қўшма корхона ташкил этилди.
Ўзбекистон ва Венгрия паррандачилик кластерини ташкил этиш, авиакомпания очиш, дори воситалари, бутловчи қисмлар ва кимё маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Озарбайжон ва Ўзбекистон энергетика, кимё, транспорт, машинасозлик ва қурилиш соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиради.
“Бўлажак саммитда ҳозирги мураккаб геосиёсий ва геоиқтисодий вазиятда Туркий дунёни янада тарғиб қилиш, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик даражасини янада ошириш зарурлиги кўтарилади. Бундан ташқари, фикр алмашиш ва Яқин Шарқдаги можаронинг ҳозирги ҳолати бўйича позицияни аниқлаштириш масалалари албатта бўлади”, – деди Равшан Назаров.
Унинг сўзларига кўра, Туркий Давлатлар Ташкилоти бугунги кунда Европа Иттифоқининг биринчи ташкил топиши давридаги интеграция йўлидан ўтмоқда. Кейинчалик самарали ривожланиш учун барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш, транспорт-логистика коридорларини ривожлантириш, энергетика муаммоларини бартараф этиш каби асосий вазифаларни ҳал этиш зарур.
“Шунинг учун ҳам ташкилот фаолиятини ҳамкорликнинг бошқа шакллари билан уйғунлаштириш масаласи кун тартибида бўлиши керак. Масалан, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг V Маслаҳат учрашувида иштирок этиши бунинг ёрқин ифодаси бўлди, деб ўйлайман. Туркия президенти навбатдаги учрашувга фахрий меҳмон сифатида таклиф қилиниши мумкин. Умуман олганда, Туркий Давлатлар Ташкилоти ҳозирда жадал ва сезиларли даражада ривожланаётган истиқболли халқаро интеграция лойиҳасидир”, – дея хулоса қилди Равшан Назаров.
Сўз якунида сиёсатшунос Қозоғистоннинг Қарағанди вилоятидаги кондаги авария оқибатида ҳалок бўлган кончиларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамда бутун Қозоғистон аҳолисига ҳамдардлик билдирди.
Муаллиф: Мадибек Джанибеков