Рамазон ҳайити муносабати билан ҚР Президенти номига табрик телеграммалари келмоқда

Ақорда
Фото: Виктор Федюнин / Кazinform

ASTANА. Кazinform - Бутун мусулмонлар жамоатчилиги учун муқаддас саналган Рамазон ҳайити муносабати билан Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев номига хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарларидан табрик телеграммалари келмоқда.

Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған Қасим-Жомарт Тоқаевга турк халқи ва шахсан ўз номидан самимий тилакларини изҳор этиб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, дўст ва қардош Қозоғистон халқига фаровонлик тилади.

– Ҳамжиҳатлик ва биродарлик қадриятларини тараннум этувчи ушбу муқаддас байрам ислом оламига, бутун инсониятга тинчлик ва фаровонлик олиб келсин, – дейилади Туркия Президентининг табрик телеграммасида.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев ва қардош Қозоғистон халқига энг эзгу тилакларини изҳор этди.

– Сўнгги йилларда умумий маданий-маънавий қадриятларни қадрлайдиган дўст халқларимизнинг ўзаро ҳамжиҳатлиги тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Унинг тинчлик ва осойишталикни, ўзаро дўстликни тараннум этувчи муқаддас Рамазон ойи ва рўзанинг эзгу тамойиллари билан ҳамоҳанг эканлигига шубҳа йўқ, — дейилади телеграммада.

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ўз табригида Давлат раҳбарига саломатлик тилаб, Қозоғистон халқига тинч-тотув кунларда ҳам юксалиш ва фаровонлик тилади.

– Эътиқод, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликнинг мустаҳкамлигини очиб берадиган ушбу маънавият байрамида халқларимиз бирлиги мустаҳкамланиб, фаровонлик ошсин, – деб ёзади Қирғизистон давлати раҳбари.

Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ўз телеграммасида мамлакатлар ўртасидаги дўстона муносабатларнинг юксак даражасидан мамнун эканини таъкидлади.

– Ишонаманки, барча мусулмон давлатлари учун муқаддас саналган байрамнинг маънавий қадриятлари ва бунёдкорлик анъаналари келажакда халқларимиз ўртасидаги мустаҳкам ришталарни мустаҳкамлашга хизмат қилади, – деб ёзади Тожикистон раҳбари.

Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳам Муқаддас Рамазон ҳайити муносабати билан ўзининг энг эзгу тилакларини йўллади.

– Қадим-қадимдан инсонийлик, меҳр-оқибат, маънавий поклик каби олижаноб фазилатларни улуғлаб келаётган ушбу байрам мусулмон уммати ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик, бирдамлик ва тинчликни мустаҳкамлашига тўла ишонаман, – деб ёзади Туркманистон Президенти.

Бундан ташқари, БАА Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён, Иордания Қироли Абдуллоҳ II, Марокаш Қироли Муҳаммад VI, Баҳрайн Қироли Ҳамад бин Исо Ал-Халифа, Қувайт Давлати Амири Шайх Мишал Ал-Аҳмад Ал-Жобир Ал-Сабаҳ, Ливия Президент кенгаши раиси Муҳаммад Юнис Ал-Манфий, Уммон султони Ҳайсам бин Тариқ, Ироқ Президенти Абдул Латиф Рашид, Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос, Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф, Сингапур Бош вазири Ли Сянь Лун , БАА вице-президенти, Бош вазир ва Дубай ҳукмдори Шайх Муҳаммад бин Рашид Ал Мақтум, БАА вице-президенти, Бош вазир ўринбосари Шайх Мансур бин Зоид Ол Наҳаён, Туркманистон Халқ маслаҳати мажлиси Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, Татаристон Республикаси Раиси Рустам Минниханов, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Ҳиссейин Браҳим Таха ва бошқалар табриклади.

Қозоғистон Президенти номига табрик мактублари ва телеграммалари келишда давом этмоқда.

Сўнгги хабарлар